Тошкент халқаро гуманитар дипломатиянинг муҳим майдонига айланмоқда. Бугун Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси марказида ўз ишини бошлаган «И Халқаро ислом сивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли» ислом сивилизациясининг илмий меросини қайта англаш, уни замонавий тараққиёт кун тартиби билан уйғунлаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликнинг янги моделларини шакллантиришга қаратилган энг йирик халқаро платформалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Юзлаб олимлар, диний арбоблар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва давлат делегацияларини бирлаштирган форум Ўзбекистоннинг маданий меросни сақлаш сиёсати билан глобал гуманитар мулоқотни боғловчи янги босқични бошлаб бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган форум Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда ИCЕСCО ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирнинг асосий мақсади — ислом сивилизациясининг илм-фан, маърифат ва инсонпарварликка асосланган ҳақиқий моҳиятини халқаро миқёсда кенгроқ намоён қилиш, қўлёзмалар ва маданий меросни асраш, уларни рақамлаштириш ҳамда турли сивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашдан иборат. Халқаро кузатувчилар фикрича, бундай мулоқот майдонларига эҳтиёж сўнгги йилларда дунёда диний муросасизлик, экстремизм ва исломофобия билан боғлиқ баҳслар кучайган бир даврда янада ортмоқда.

Форумда ИCЕСCО Бош директори доктор Солим ал-Молик, Ислом олами уюшмаси Бош котиби Муҳаммад ал-Исо, Иордания шаҳзодаси Ҳасан бин Талол, Россия мусулмонлари муфтийси Равил Гайнутдин, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, ИРСИCА Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллошукур Пошшозода ва бошқа кўплаб нуфузли меҳмонлар иштирок этмоқда. Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштирокчиларга йўллаган мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди. Мурожаатда мамлакатда ислом сивилизацияси меросини тиклаш, асраш, фундаментал тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ва халқаро гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бирига айлангани таъкидланди. Шунингдек, маданиятлар ва сивилизациялар ўртасидаги мулоқотни кучайтириш, буюк алломалар меросини келажак авлодларга етказиш ҳамда исломнинг инсонпарварлик моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига холис етказиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим вазифаларидан бири сифатида қайд этилди.
Президент Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти раҳбари Музаффар Камилов форумни Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маърифий ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида баҳолаб, иштирокчиларни жаҳон илм-фани ва сивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар юрти — қадимий ва меҳмондўст Ўзбекистон заминида, шахсан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган муҳташам Ислом сивилизацияси марказида қутлаш катта шараф эканини билдирди. Ўз навбатида, ИCЕСCО Бош директори Солим ал-Молик форумдаги нутқида Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда гуманитар соҳада амалга оширган ислоҳотлари халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётганини таъкидлади.
Унинг фикрича, мамлакатда тарихий меросни сақлаш, илмий тадқиқотлар ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган сиёсат нафақат миллий, балки бутун ислом сивилизацияси учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистоннинг фуқаролик жамияти, ижтимоий адолат, иқтисодий тараққиёт ва ташқи сиёсат соҳаларида эришаётган ютуқлари бутун ислом олами учун катта ифтихор манбаидир.
Очилиш маросимида, шунингдек, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг форум иштирокчиларига йўллаган табрик мактуби ҳам ўқиб эшиттирилди. Унда форум замонавий халқаро муносабатларда тинчлик, мулоқот ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим ташаббус сифатида баҳоланиб, исломофобия кучайиб бораётган бугунги шароитда исломнинг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини халқаро майдонда кенгроқ намоён қилиш умумий тарихий масъулият экани таъкидланди. Форумда сўзга чиққан нотиқлар Мовароуннаҳр сивилизацияси инсоният тараққиётига қўшган ҳиссани алоҳида қайд этиб, Самарқанд, Бухоро, Термиз ва Хива каби тарихий шаҳарларни глобал илмий ва маданий мерос марказлари сифатида янада кенг тарғиб қилиш зарурлигини билдирдилар. Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган қўлёзмаларни рақамлаштириш, тарихий меросни муҳофаза қилиш ва академик тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш сиёсати халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланди.
И Халқаро ислом сивилизацияси форуми нафақат илмий анжуман, балки замонавий халқаро муносабатларда маданий дипломатия, илм-фан ва маърифат орқали ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган стратегик платформа сифатида шаклланмоқда. Тошкентда бошланган мазкур мулоқот Ўзбекистоннинг бой илмий ва маънавий меросини халқаро академик майдон билан боғлаш, сивилизациялар ўртасидаги конструктив мулоқотни кенгайтириш ҳамда ислом сивилизациясининг инсонпарварлик, илм ва бағрикенгликка асосланган қадриятларини глобал даражада илгари суришга хизмат қилади. Форумнинг биринчи кунида илгари сурилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг гуманитар дипломатия соҳасидаги роли ортиб бораётганини ҳамда мамлакат Марказий Осиёда халқаро интеллектуал ҳамкорликнинг муҳим марказларидан бирига айланаётганини яна бир бор намоён этди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилда БМТнинг Ню-Ёрк ва Женева шаҳарларидаги қароргоҳларида, шунингдек, ЮНЕСКОнинг Париждаги офисида ислом сивилизацияси ва аждодларимиз меросига бағишлаб ўтказилиши режалаштирилаётган махсус тақдимотлар учун муҳим тайёргарлик босқичи ҳисобланган мазкур форум ўз ишини 11 июлга қадар давом эттиради. Форум доирасида Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бук алломалар меросига бағишланган тўртта халқаро илмий конференсия ўтказилиши режалаштирилган.











