Фарғона вилояти Риштон туманлараро судларида Эффеcт.уз Ахборот агентлиги журналистлари билан биргаликда судлар фаолиятига доир “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди.
Тадбир давомида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик.
Хусусан, давлат раҳбари томонидан суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар, жумладан, “Одил судлов — 2030” стратегияси алоҳида аҳамият касб этади.
Сўнгги йилларда суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳамда одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, “Кундалик ҳаётий муаммоларни ҳал этувчи, одамларнинг иши кўпроқ тушадиган судлар — фуқаролик ишлари бўйича судлардир”.
Айнан шу мақсадда Риштон туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судида кўриб чиқилган суд жараёнларида оммавий ахборот воситалари вакиллари бевосита иштирок этди.

Тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи тикланди
Шундай ишлардан бири — Олиариқлик хусусий тадбиркорнинг ўзбошимчалик билан эгалланган қурилмани кўчириш билан боғлиқ, “МАШХУРБЕК ФАЙЗ” МЧЖга нисбатан берган даъво аризаси бўйича фуқаролик иши судда кўриб чиқилиши бўлди.
Суд жараёнида тадбиркор ҳудудига жавобгар томонидан электр тармоқларини тортиш учун ўрнатилган устунлар унинг инвестиция жалб қилиш орқали амалга оширмоқчи бўлган лойиҳасига тўсқинлик қилаётганини маълум қилди.
Риштон туманлараро фуқаролик ишлари бўйича суди судяси Иброҳимова Муҳаббат Маликовна раислигида ўтказилган суд мажлисида даъвогар ва жавобгар томонларнинг кўрсатувлари ҳар томонлама тингланди.
Иш ҳолатларини тўлиқ ва холисона ўрганиш мақсадида тадбиркорнинг хусусий мулки жойига чиқиб ҳам ўрганилди.
Суд томонидан иш бўйича барча ҳолатлар атрофлича ўрганилиб, Олиариқлик хусусий тадбиркорнинг даъво талаби қисман қаноатлантирилди.

Эътиборли жиҳати, биринчи инстансия судининг қарори ҳали қонуний кучга кирмаган бўлсада, жавобгар томонидан даъво талабларини бажаришга киришилгани тадбиркорнинг инвестиция жалб қилиш орқали амалга оширмоқчи бўлган лойиҳасини тезроқ бошлашига имконият яратади.
Тадбиркорнинг ўзи ҳам суд жараёнидан мамнунлигини билдириб, “Адолатли суд бўлди”, дея ўз муносабатини билдирди.
Боқувчисини йўқотган оила масаласи судда кўриб чиқилди
Айнан шу куни мазкур судя раислигида яна бир фуқаролик иши кўриб чиқилди.
Унда марҳумнинг турмуш ўртоғи, даъвогар Имомова Юрсиной Маматюсуповнанинг жавобгар — “Бағдод тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси”дан боқувчисини йўқотганлиги сабабли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво аризаси кўриб чиқилди.

Иш ҳужжатларига кўра, даъвогарнинг турмуш ўртоғи 2024-йил феврал ойида йўл хизматида фаолият юритиш вақтида вафот этган. Унга нисбатан 59 миллион сўм миқдорида компенсация ажратилган бўлиб, унинг бир қисми тўланган, бироқ 28 миллион 750 минг сўм қисми тўланмай қолган.
Шу муносабат билан даъвогар судга мурожаат қилиб, тўланмай қолган маблағни жавобгардан ундиришни сўраган.
Суд мажлисида жавобгар томоннинг ҳам кўрсатувлари тингланди. Жавобгар томон корхонанинг ҳисоб рақамига иш фаолиятига алоқадор бўлмаган бошқа ҳолатлар юзасидан тақиқ қўйилгани сабабли етказилган зарарнинг қолган қисмини тўлаш имконияти мавжуд эмаслигини билдирди.

Судда тарафларнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ҳал қилув қарори ўқиб эшиттирилди. Суд қарори юзасидан тарафлар ҳам ўз муносабатларини билдирди.
Оилавий низоларда нафақат қонун, балки инсон тақдири ҳам эътиборда

Риштон туманлараро фуқаролик ишлари бўйича суди судяси Иброҳимова Муҳаббат Маликовадан алоҳида интервю олишга ҳам муваффақ бўлдик.
Суҳбат давомида бугунги кунда фуқаролик судларида кўрилаётган энг оғриқли масалалар, хусусан, оилавий низолар ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида фикрлар билдирилди.
Шу муносабат билан оилавий муносабатларга алоқадор яна бир суд жараёнини ҳам кузатдик.
Риштон туманлараро фуқаролик ишлари бўйича суди судяси Тўйчиев раислигида алимент ундириш ҳақидаги очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.

Қизиғи шундаки, даъвогар ва жавобгар ҳозирда ҳам никоҳ муносабатларида бўлиб, улар расман ажрашмаган. Даъвогар фарзанди таъминоти учун жавобгардан ҳар ой 2 миллион сўм миқдорида алимент ундиришни сўраб судга мурожаат қилган.
Жавобгар томон эса қўриқлаш тизимида ишлашини, фарзанди учун алимент тўлашдан бош тортмаслигини, бироқ даъвогар талаб қилаётган миқдор юқори эканини билдириб, амалдаги қонунчилик асосида алимент миқдорини белгилаб, қонуний қарор қабул қилишни сўради.
Раислик этувчи судя ишдаги барча ҳолатларни ўрганиб чиқиб, даъвогарнинг талабини қисман қаноатлантирди.
Суд жараёнида тарафларга оилавий муносабатлар юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди. Хусусан, оиланинг муқаддаслиги, ўртада фарзанд борлиги ва оилани сақлаб қолиш муҳим эканига алоҳида урғу берилди.
Маъмурий иш: 10 сутка маъмурий қамоқ
Жамият ва оилага путур етказадиган иллатлардан бири — спиртли ичимликларни истеъмол қилишдир. Бу нафақат оила муҳитига, балки ўсиб келаётган авлод тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Айнан шу иллат билан боғлиқ низо юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид суд жараёнида ҳам иштирок этдик.
Мазкур иш Жиноят ишлари бўйича Риштон тумани суди тергов судяси Маматусмонов раислигида кўриб чиқилди.

Суд жараёнида ишга алоқадор барча тарафларнинг кўрсатувлари тингланди. Хусусан, профилактика инспектори Хайдаров Дилмурод судга тақдим этилган билдирги юзасидан ўз кўрсатувларини баён қилди.
Раислик этувчи судя ишга оид барча ҳолатларни ўрганиб чиқиб, ҳуқуқбузарга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Очиқлик — жамият ишончининг муҳим омили
Очиқ суд жараёнларида иштирок этиш, судялар билан мулоқот қилиш ва фуқароларнинг суд орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнларини бевосита кузатиш биз, журналистлар учун ҳам муҳим тажриба бўлди.
Шу ўринда судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд жараёнларида иштирок этиши учун яратилаётган имкониятлар алоҳида эътирофга лойиқ.
Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда иш олиб боришда яқиндан ёрдам берган Фарғона вилояти суди матбуот раҳбари Мелибоев Алибекка ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Бугунги кунда судлар фаолиятининг очиқ ва шаффоф бўлиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятининг кенгайиб бораётгани жамиятда қонун устуворлиги ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Энг муҳими, суд эшикларининг очиқлиги фуқарога ўз ҳуқуқини билиш, уни қонуний йўл билан ҳимоя қилиш ва адолат қарор топишига бўлган ишончни янада мустаҳкамлаш имконини бермоқда.
Шу муносабат билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, одил судловни таъминлаш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофлик тамойилларини қарор топтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар учун суд тизими ходимларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Зеро, очиқ суд — фуқаронинг судга, суд эса адолатга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.




