450 минг долларлик мулк, 4,3 миллиард сўмлик кредит, сохта деб топилган кадастр ҳужжатлари ва бир неча йилдан буён давом этаётган суд жараёнлари. Хоразм вилоятидаги мазкур иш юзасидан фуқаро Дилдора Бекчанова навбатдаги мурожаат билан чиқиб, қатор ҳолатларга ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилмоқда.
Аслида можаро қандай бошланган?
Мурожаатда келтирилишича, низо Урганч шаҳри, Зарбулоқ кўчаси 55/4-манзилда жойлашган қурилиши тугалланмаган кўп қаватли бино билан боғлиқ мулкий муносабатлардан бошланган.
Нотариал тартибда тасдиқланган олди-сотди шартномасига кўра, обектнинг бир қисми “ОРИГИНАЛ СТАНДАРТ ҚУРИЛИШ” МЧЖдан “ЕУРО ПОWЕР” оилавий корхонасига ўтказилган.
2020-йил 20-май куни обектнинг бир қисми “ОРИГИНАЛ СТАНДАРТ ҚУРИЛИШ” МЧЖ номига давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, орадан тўққиз кун ўтиб — 2020-йил 29-май куни сотиб олинган қисм “ЕУРО ПОWЕР” ОК номига давлат рўйхатидан ўтказилиб, тегишли кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган.

Кейинчалик “ОРИГИНАЛ СТАНДАРТ ҚУРИЛИШ” МЧЖга қарашли обектнинг бир подезддан иборат қисми нотариал олди-сотди шартномага асосан Дилдора Бекчанова мулкига айланган.


Мурожаатда қайд этилишича, мазкур обектни унга “ЕУРО ПОWЕР” ОК раҳбари Р.Маҳмудов сотган ва мулк учун 450 минг АҚШ доллари тўланган. Чунки, ушбу обектнинг бир подезди Р.Маҳмудовнинг “ОРИГИНАЛ СТАНДАРТ ҚУРИЛИШ” МЧЖдаги улуши бўлган.
Бекчанованинг таъкидлашича, мулкни расмийлаштириш жараёнида ҳеч қандай эътироз бўлмаган. Ҳатто унинг номига берилган кадастр ҳужжатларида қўшни обект эгаси сифатида Р.Маҳмудовнинг ўзи имзо қўйган.
Низо марказидаги кадастр ҳужжатлари
Дилдора Бекчанованинг фикрича, баҳс унинг мулки бўйича расмийлаштирилган ҳужжатларда эмас, балки қўшни обект — “ЕУРО ПОWЕР” ОКга тегишли кадастр ҳужжатларида юзага келган. Унинг таъкидлашича, кейинчалик мазкур ҳужжатлар сохта экани аниқланган ва айнан шу ҳужжатлар турли ҳуқуқий жараёнларда асос сифатида қўлланган.
Мурожаатда қайд этилишича, сохта деб баҳоланган ҳужжатлар натижасида Бекчановага тегишли обектнинг қонуний кадастр ҳужжатлари ҳам шубҳа остига олинган ва мулкий низо келиб чиққан.
2022-йилги суд қарори нега баҳсларга сабаб бўлмоқда?
2022-йил 26-октябр куни Урганч туманлараро маъмурий суди раиси Дилмурод Очиловнинг ҳал қилув қарори билан Дилдора Бекчанованинг мазкур обектга бўлган мулк ҳуқуқи ҳақиқий эмас деб топилган.

Мурожаатчи томони ушбу қарорга эътироз билдириб, суд муҳокамаси вақтида тақдим этилган “ЕУРО ПОWЕР” ОКга тегишли айрим кадастр ҳужжатлари кейинчалик сохта деб топилганини таъкидламоқда.


Шунингдек, мурожаатда давлат рўйхатидан ўтказиш санаси ва мулк ҳуқуқининг устуворлиги масаласига ҳам тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилмагани қайд этилган. Бекчанованинг фикрича, аввал давлат рўйхатидан ўтган мулк ҳуқуқи устувор ҳисобланиши лозим эди. Аммо бу ҳолат суд муҳокамасида инобатга олинмаган.
Р.Маҳмудовга нисбатан жиноят иши
Кўплаб мурожаатлардан кейин Хоразм вилояти прокуратураси томонидан “ЕУРО ПОWЕР” ОК раҳбари Р.Маҳмудовга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов жараёнида кадастр тизими ходими Б.Саъдуллаев ҳамда Р.Маҳмудовга нисбатан кадастр ҳужжатларини сохталаштириш билан боғлиқ айбловлар қўйилган. Суд ҳукми билан Р.Маҳмудов айбдор деб топилиб, 7-йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.


Мурожаатчи томонининг таъкидлашича, тергов материалларида нафақат мулкий низо, балки “ЕУРО ПОWЕР” ОК мулкини гаровга қўйиш орқали олинган 4,3 миллиард сўмлик кредит ва сохта кадастр ҳужжатларидан фойдаланиш ҳолатлари ҳам ўрганилган.
4,3 миллиард сўмлик кредит бўйича саволлар
Мурожаатда “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Хоразм минтақавий филиали томонидан ажратилган 4,3 миллиард сўмлик кредит алоҳида тилга олинган.

Дилдора Бекчанованинг фикрича, гаров сифатида қабул қилинган ҳужжатларда қатор зиддиятлар мавжуд бўлган.
Жумладан:
— давлат рўйхатидан ўтказиш маълумотларида ноаниқликлар мавжудлиги;
— турли ҳужжатларда обект майдонининг ҳар хил кўрсатилгани;
— нотариал ҳужжатлар билан кадастр маълумотлари ўртасида тафовутлар борлиги;
— гаров шартномасида обектнинг умумий майдони эмас, қурилиш ости майдони қайд этилгани таъкидланмоқда.
Мурожаатчи томонининг фикрича, мазкур ҳолатлар бўйича кредитни расмийлаштиришда иштирок этган банк масъулларининг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши лозим эди. Лекин прокуратура ушбу ҳолатга эътибор қаратмаган, ёки вазиятни панжа ортидан баҳолаган.
Чунки, сохта ҳужжатлар билан мулкни гаровга тақдим қилиб, кредит олган шахс Р.Маҳмудовнинг жавобгарлик масаласи кўриб чиқилган бўлсада, уни айнан шу ҳужжатлар билан гаровга қабул қилган банк ходимлари воқеа атрофида гўёки ёддан чиқиб бир четда қолиб кетмоқда.
Бу масала кўриб чиқилиши учун мурожаатчининг ҳимоя томони бир қатор ваколатли идоралар хусусан, Бош прокуратурага мурожаат йўллаган. Ушбу мурожаатга Хоразм вилоят прокуратураси томонидан 6-апрел куни жавоб тақдим этилган бўлиб, хатда мурожаат мазмунига мос келмайдиган фикрлар прокурор ўринбосари М.Хожаев томонидан қайд этилган.

Янги очилган ҳолатлар ва қайта кўриб чиқиш талаби
Кадастр ҳужжатлари сохта эканлиги ҳақидаги суд ҳукмлари қонуний кучга кирганидан кейин Дилдора Бекчанова аввалги маъмурий суд қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқишни сўраб Урганч туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган. Бироқ унинг аризаси қаноатлантирилмаган. Кейинчалик Хоразм вилоят маъмурий суди кассация инстансияси суди ҳам биринчи инстансия қарорини ўз кучида қолдирган.


Шундан сўнг Бекчанованинг адвокати Достон Болтаев Давлат кадастрлар палатаси Хоразм вилояти бошқармасининг низоларни судга қадар ҳал этиш комиссиясига мурожаат қилиб, “ЕУРО ПОWЕР” ОК номига расмийлаштирилган кадастр ҳужжатларини бекор қилишни талаб қилган. Аммо комиссия мазкур ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини қонуний деб баҳолаган.


Кейинчалик адвокат Достон Болтаев Урганч туманлараро маъмурий судига мурожаат қилиб, ушбу кадастр ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Бироқ судя М.Пўлатов раислигида кўрилган иш бўйича даъво талаблари қаноатлантирилмаган.

Мурожаатчи томонининг фикрича, мазкур ҳолатда жиноят ишлари бўйича қабул қилинган суд ҳукмларидаги хулосалар етарлича инобатга олинмаган.




Дилдора Бекчанова нимани талаб қилмоқда?
Навбатдаги мурожаатида Дилдора Бекчанова ваколатли давлат органларидан:
— 4,3 миллиард сўмлик кредит ажратилиши жараёнини текширишни;
— банк масъуллари ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни;
— тергов жараёнида ҳуқуқий баҳо берилмаган ҳолатларни ўрганишни;
— 2022-йилда қабул қилинган суд қарорини қабул қилиш жараёнини таҳлил қилишни;
— сохта деб баҳоланган ҳужжатларни давлат реестрларидан чиқаришни;
— мазкур ҳужжатлар асосида амалга оширилаётган нотариал ва бошқа расмий ҳаракатларни тўхтатиш чораларини кўришни сўраган.
Хулоса
Хоразм вилоятидаги мазкур иш мулк ҳуқуқи, кадастр ҳужжатларининг ҳаққонийлиги, банк кредити, нотариал расмийлаштириш ва суд қарорлари билан боғлиқ мураккаб ҳуқуқий масалаларни қамраб олмоқда.
Айни пайтда Дилдора Бекчанова мурожаатида келтирилган ҳолатлар юзасидан прокуратура органлари, суд идоралари, Давлат кадастрлар палатаси ёки “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан оммавий ахборот воситаларида расмий муносабат билдирилмаган.
Таҳририят мазкур масала юзасидан барча томонларнинг муносабатини эълон қилишга тайёр.




