Ўзбекистон

Собиқ ҳоким ёрдамчисидан яна 62,8 млн сўм ундирилади

Administrator20-октябр, 2026, 14:0878 кўришлар
Собиқ ҳоким ёрдамчисидан яна 62,8 млн сўм ундирилади

Фарғона вилояти Бувайда туманидаги "Понсод" маҳалласининг собиқ ҳоким ёрдамчиси фуқаролар номига ажратилган имтиёзли кредитлар билан боғлиқ иш бўйича "Халқ банки" фойдасига яна 62,88 млн сўм тўлаши керак. Бу ҳақда Фарғона вилоят судининг 2026-йил 15-октябрдаги қўшимча ажримида қайд этилган.

Суд ҳужжатига кўра, собиқ амалдор Бувайда греен траде ва СС ФОРТЕМУС КАПИТАЛ компанияларини норасмий бошқарган. Фуқаролар номига расмийлаштирилган имтиёзли кредитлар ушбу компаниялар ҳисобига ўтказилган. Суд аниқлашича, 2022-йил давомида у маҳалладаги 28 нафар фуқаронинг электрон рақамли имзосини олган. Улардан фойдаланиб аризалар, электрон шартномалар ва ҳисоб-фактуралар расмийлаштирган ҳамда ҳужжатларга ёлғон маълумотлар киритган. Фуқаролар номига ажратилган жами 623,338 млн сўмлик имтиёзли кредитлар икки компания ҳисобига ўтказилган. Кейинчалик маблағларнинг мақсадли ишлатилганини кўрсатиш учун ҳужжатлар яна қалбакилаштирилган. Суд ҳужжатида бошқа фуқароларга ажратилган 32,5 млн ва 64 млн сўмлик кредитларни нақдлаштириш орқали ўзлаштириш ҳолатлари ҳам қайд этилган.

Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди 2023-йил 20-июнда эркакни Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда 228-моддаси — ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича айбдор деб топган. Унга икки йил бир ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш белгиланган. Шунингдек, бир йил давомида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш тақиқланган.

2023-йил августида вилоят прокуратураси депозит ҳисобидаги 492,583 млн сўм банкка етказилган зарарни қоплаш учун йўналтирилган. 2024-йил сентябрда кассация инстансияси яна олти фуқаро кредити бўйича маҳкумдан 148,211 млн сўм ундиришга қарор қилган. Бироқ яна уч нафар қарз олувчининг кредитлари тўлиқ қопланмаган. Уларнинг шикоятидан сўнг суд банк ҳужжатларини ўрганиб, 2026-йил 14-октябр ҳолатига қопланмаган зарар мавжудлигини аниқлаган. Натижада собиқ ҳоким ёрдамчисидан "Халқ банки" фойдасига жами 62,88 млн сўм ундириш белгиланди.

Мазкур кўриб чиқишда унинг айбдорлиги масаласи қайта муҳокама қилинмаган. Ажрим устидан ревизия тартибида шикоят қилиш мумкин.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Собиқ ҳоким ёрдамчисидан яна 62,8 млн сўм ундирилади | Effect.uz