Ўзбекистон

Швеция элчиси Ислом сивилизацияси марказида: уч минг йиллик тарих катта таассурот қолдирди

Administrator10-июн, 2026, 21:1179 кўришлар
Швеция элчиси Ислом сивилизацияси марказида: уч минг йиллик тарих катта таассурот қолдирди

Швециянинг Ўзбекистондаги элчиси Томас Данестад бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси марказига ташриф буюриб, бу ерда тарих, замонавий технологиялар ва маърифий ёндашув уйғунлигини юқори баҳолади.

Марказ экспозициялари орқали Ўзбекистон ҳудудида шаклланган уч минг йиллик тарих, турли маданий таъсирлар ва сивилизациялар мулоқоти изчил ҳамда таъсирчан тарзда очиб берилганини алоҳида эътироф этилди.

Меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу йирик илмий-маърифий лойиҳа мамлакатнинг бой тарихий меросини асраб-авайлаш, уни замонавий шаклда тарғиб этиш ва халқаро жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.

Айниқса, асл артефактлар, мултимедиа ечимлар ва ёшлар учун яратилган интерактив имкониятлар ҳамда меросни замонавий усулда тақдим этиш тажрибаси делегация вакилларида катта қизиқиш уйғотди.

Ташрифда Швециянинг савдо-иқтисодий соҳалари вакиллари ҳам иштирок этгани эътиборга молик. Меҳмонлар Марказ экспозициялари орқали Ўзбекистоннинг нафақат бой тарихий мероси, балки халқаро ҳамкорлик, очиқлик ва маданиятлараро мулоқотга бўлган интилиши ҳам яққол намоён бўлаётганини қайд этдилар.

Швеция Миллий савдо кенгаши вакили Кристофер Берри Марказ ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашар экан, шундай деди:

“Марказга ташриф биз учун жуда қизиқарли ва мазмунли бўлди. Бу ерда Ўзбекистоннинг узоқ тарихи, турли маданий таъсирлар ва мамлакатнинг дунёга очиқлиги таъсирчан тарзда намоён этилган. Айниқса, ёшлар учун яратилган интерактив имкониятлар, технологиялардан самарали фойдаланилгани ва меросни замонавий усулда тақдим этиш ёндашуви менда катта таассурот қолдирди”.

Делегация вакиллари бундай илмий-маърифий марказлар халқлар ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, маданий мулоқотни кенгайтириш ва халқаро ҳамкорликни янги мазмун билан бойитишга хизмат қилишини таъкидладилар.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Швеция элчиси Ислом сивилизацияси марказида: уч минг йиллик тарих катта таассурот қолдирди | Effect.uz