Эффеcт.уз таҳририятига келиб тушган мурожаат асосида Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги ер ва йўл низоси қонун ва холислик мезонлари асосида ўрганилди. Суриштирув жараёнида муаммонинг туб илдизи кадастр ходимларининг масъулияцизлиги ва харита тузишда йўл қўйган жиддий хатосига бориб тақалиши аниқланди. Ауксион орқали сотилган ер, кадастрнинг эътиборсизлиги ва йўл бошидаги ноқонуний қурилиш сабаб юзага келган бу келишмовчиликнинг ягона қонуний ечими — суд қарори асосида ноқонуний бинони бузиб, аҳоли учун ажратилган 7 метрлик кўчани очиб беришдир.

Ауксион, кадастр хатоси ва сохта даъволар
Давлат мулки бўлган ва фойдаланилмай ётган ушбу ер майдони президент топшириғига асосан инвентаризация қилиниб, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан очиқ ауксионга чиқарилган. Ҳалол ва шаффоф савдода бошқа қишлоқдан келган тадбиркор 565 миллион сўм эвазига ерни қонуний сотиб олган. Кадастр вакилларининг ўзлари ҳам аҳолига бу ердан илгари ноқонуний ва вақтинчалик фойдаланиб келишганини, ер давлатники экани ва сотилиши ҳақида илгари ҳам огоҳлантириш берилганини тан олмоқда.


Бироқ кадастр ходимлари томонидан харита тузишда жиддий бепарволикка йўл қўйилган — улар аҳоли ўтиб юрган йўл қисмини инобатга олишмаган. Вазиятни тўғри тушунган ва аҳолига қулайлик бўлсин деган тадбиркор ўз хусусий мулки ҳисобидан 7 метр кенгликдаги ва 80 метр узунликдаги янги йўл (кўча) ажратиб берган.
Чигалнинг асл манбаси: маҳаллийчилик, ноқонуний қурилиш ва мулкка тажовуз
Вазиятнинг аслида қандай чигаллашганига назар ташланса, муаммонинг туб илдизи бир қатор комплекс омиллар билан боғлиқлиги аён бўлади. Тадбиркор ажратган янги йўлнинг бошида бир фуқаро томонидан ноқонуний равишда 1 хонали шлакоблок бино қуриб олингани ва аҳоли йиллар давомида ушбу ноқонуний қурилмага индамай, давлат ери орқали айланиб ўтишга одатлангани туфайли бугунги кунда ўша ноқонуний майдондан айрилишни хоҳлашмаяпти. Бунинг устига, тадбиркорнинг бошқа қишлоқдан келгани маҳаллий аҳолидаги "ўзимиздан бўлмаганни сиғдирмаймиз" деган маҳаллийчилик кайфиятини уйғотиб, атиги 4-5 та хонадоннинг тизимли равишда низо келтириб чиқаришига замин яратган.

Вазият шу билан чекланмай, тадбиркорнинг мулкига тажовуз қилиш, девор ва ровотларини бузиб, қулфларини вайрон қилиш орқали моддий зарар етказиш билан давом этган. Жанжал содир бўлган куни эса тадбиркорга нисбатан оғир ва ҳақоратли сўзлар ишлатилиб, у қасддан провокация қилинган ва ўз мулкини ҳимоя қилишга мажбур этилган. Бу шунчаки муштлашув эмас, балки тадбиркорни айбдор қилиш ва унинг мулкини тортиб олиш учун пухта уюштирилган фитнадир.

Давлат раҳбари яқиндагина тадбиркорни эзиш эмас, аксинча уни қўллаб-қувватлаш лозимлигини таъкидлаган бир вақтда, Шаҳрихонда бундай ҳолатнинг юз бериши қонунчилик ва давлат сиёсатига беписандликдир.
Маҳаллий масъуллар томонидан тадбиркорга ўтказилаётган босимлар ва сохта даъволар
Журналистлар воқеа жойига етиб боришидан бир неча кун олдин маҳаллий мутасаддилар томонидан тадбиркорга нисбатан очиқчасига руҳий ва маданий босимлар ўтказилгани маълум бўлди. Бу ҳолатларнинг барчаси аниқ видео ва аудио тасвирларда ўз аксини топган.

Хусусан, туман маҳаллалар уюшмаси раиси аҳолини жамлаб, вилоят ҳокимининг олдига олиб бориш, "100-200 та одамни олиб борсам, ауксионда сотиб олган ҳужжатинг бир тийинга қиммат бўлиб, қоғозлигича қолиб кетади", дея тадбиркорга таҳдид қилган. Бундан ташқари, у тадбиркорни масжидга тўпланган қавм олдида шарманда ва изза қилишга уринган.

Туман ИИБ бошлиғи ўринбосари эса содир бўлган жанжал сабабли тадбиркорнинг айбдорлик ҳолатидан фойдаланиб, "Олиб бориб вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига тиқ, муаммойингни шунақа катталаштириб бераманки, ўзинг тушунмай қоласан", дея очиқчасига босим ўтказган.

Шунингдек, архитектура ва кадастр бўлими мутасаддилари журналистлар олдида ва туман ҳокими ҳузурида бошқача позицияда туриб, мансабдорлар олдида эса тадбиркорга қарата "Сиздан ерни ҳар қандай йўл билан тортиб оламиз, давлат билан ўйнашманг", дея таҳдид қилишган. Ҳатто тадбиркорнинг бошқа қонуний фаолият турлари ва ер майдонларини ҳам ковлаб, "бир дона кири бўлса ҳам топиб, жавобгарликка тортамиз" деб масъулияцизларча муносабатда бўлишган. Кадастр ва архитектура вакиллари томонидан аҳоли олдида тадбиркорни "инсофсиз"ликда айблаб, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситишга уринишлар содир этилган.

Идора вакиллари жамоатчилик олдида бошқача, тадбиркор билан ҳоли қолганда эса тамоман бошқача, қонунга зид хатти-ҳаракатлар қилгани яширин камера тасвирларида муҳрланиб қолган.
Журналистлар ва ОАВ ходимларига нисбатан уюштирилаётган туҳматлар
Аҳволни ўнглаши ва қонун устуворлигини таъминлаши керак бўлган туман маҳаллалар уюшмаси раиси, туман ИИБ бошлиғи ўринбосари, кадастр ва архитектура бўлими масъуллари вазиятни холис баҳолаш ўрнига тадбиркорга жиноий жавобгарлик ва ерни тортиб олиш билан таҳдид қилишган. Бу ҳам етмагандек, туман маҳаллалар уюшмаси раиси атиги 4-5 та хонадоннинг манфаати хавф остида турганини яшириб, камера қаршисида "150 кишини йиғдим, 150 та одамнинг манфаати топталмоқда" деб ёлғон ва сохта баёнотлар берган.
Шунингдек, масъуллар холис суриштирув ўтказаётган журналистларга нисбатан аҳолида нафрат уйғотиш учун "Журналистлар сотилган, тадбиркордан пул олиб ён босяпти" деган туҳмат ва иғволарни тарқатишмоқда. Ваҳоланки, ОАВ ходимлари ҳеч кимга ён босмасдан, фақат ҚОНУН ТАЛАБЛАРИ, ауксион ҳужжатлари ва суд қарорлари асосида холис фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикасининг "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги ҳамда "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонунларига кўра, журналистнинг касбий фаолиятига аралашиш, уни обрўсизлантириш ва унга нисбатан туҳмат тарқатиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Журналистларга нисбатан аҳолини гижгижлаш — сўз эркинлигига қилинган тажовуздир.

Аслида, тумандаги масъулларнинг бундай ёндашуви ва вазиятни сунъий равишда мураккаблаштириши маҳаллий бошқарувдаги холислик ва масъулият даражасини сўроқ остида қолдиради. Журналистларни обрўсизлантириш ва тадбиркорга босим ўтказиш билан муаммо ечилиб қолмайди. Ваҳоланки, Шаҳрихон тумани ҳокими ҳам ушбу масалада аниқ муносабат билдириб, янги кўча учун ажратилган жойдаги ноқонуний қурилма бузилгач, йўл тўлиқ очилиши ва шу билан аҳолининг қатнов муаммоси ҳамда юзага келган низолар якун топишини таъкидлаган эди. Масаланинг ечими шу қадар аниқ ва қонуний экан, тумандаги айрим масъулларнинг суд қарорини ижро этиш ва кўчани очиш ўрнига жамоатчиликни чалғитиши ва зиддиятни чуқурлаштириши мантиқсиз туюлади.
Масъул идоралар ва ҳуқуқ-тартибот органлари содир бўлаётган бу ҳолатларга, жумладан, тадбиркор мулкига етказилган зарарга, ОАВ вакилларига ўтказилаётган босимларга холис баҳо бериши ва суд қарорига мувофиқ ноқонуний қурилмани бузиб, йўлни очишни таъминлаши лозим.
Эффеcт.уз воқеалар ривожини кузатиб боради.
Муҳаммад Али Қозоқов тайёрлади.




