Сиёсат

Сенатда ИИВ ҳисоботи эшитилди: 2025-йилда 36 мингдан ортиқ жиноят фош этилган

Administrator11-март, 2026, 16:1891 кўришлар
Сенатда ИИВ ҳисоботи эшитилди: 2025-йилда 36 мингдан ортиқ жиноят фош этилган

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида Ички ишлар вазирлигининг 2025-йилда мамлакатда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширган ишлари юзасидан ахбороти эшитилди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида республикада олдини олиш мумкин бўлган, бироқ содир этилган жиноятларнинг 89,3 фоизи ёки 36 421 таси фош этилган.

Тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатлари давомида 9 921 нафар қидирувдаги шахс ушланган, шунингдек 600 нафар бедарак йўқолган фуқаро топилган. Маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 9 008 та маҳалланинг 4 034 тасида (44,8 фоиз) умуман жиноят содир этилмаган.

Криминоген вазият таҳлилига кўра, маҳаллаларнинг 44,8 фоизи “яшил”, 47,9 фоизи “сариқ”, 7,4 фоизи эса “қизил” тоифага киритилган.

Профилактик чора-тадбирлар натижасида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 4,6 фоизга, ёшлар ўртасидаги жиноятлар 15,1 фоизга, аёллар томонидан содир этилган жиноятлар 14,2 фоизга, гуруҳ бўлиб содир этилган жиноятлар 13,1 фоизга, вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик 11 фоизга ҳамда маст ҳолатда содир этилган жиноятлар 5,6 фоизга камайгани таъкидланди.

“102” хизмати орқали келиб тушган 2,5 миллиондан ортиқ мурожаат кўриб чиқилиб, қарийб 1,4 миллион ҳуқуқбузарликнинг олди олинган.

Шу билан бирга, айрим муаммолар сақланиб қолаётгани ҳам қайд этилди. Хусусан, 2025-йилда республика бўйича 155 002 та жиноят рўйхатга олинган бўлиб, бу ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 412,9 тани ташкил этган.

Мазкур кўрсаткич Тошкент шаҳрида 942,6, Тошкент вилоятида 544, Сирдарё вилоятида 440,3 ва Навоий вилоятида 449,6 тани ташкил этган. Жиноятларнинг 49,6 фоизи ахборот технологиялари орқали содир этилгани қайд этилди.

Наркожиноятлар бўйича 15 412 та жиноят аниқланиб, 3 тонна 775 килограмм гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган. Шунингдек, 15 та нарколаборатория фош этилган.

Рақамли иқтисодиёт соҳасида назорат механизмлари етарли эмаслиги сабабли 53 та ноқонуний майнинг ферма фаолияти аниқланиб, давлатга 20,6 миллиард сўм зарар етказилгани маълум қилинди.

Шунингдек, 2025-йилда ёшлар томонидан 13 639 та жиноят содир этилгани қайд этилиб, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Муҳокамалар якунида қўмита аъзолари томонидан соҳада мавжуд камчиликларни бартараф этиш, профилактика ишларини кучайтириш, ахборот технологиялари орқали содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш ҳамда маҳаллаларда манзилли ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили — Омбудсманнинг ҳисоботи ҳам эшитилди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Сенатда ИИВ ҳисоботи эшитилди: 2025-йилда 36 мингдан ортиқ жиноят фош этилган | Effect.uz