“Одамлар судга охирги умид сифатида келади. Агар инсон суддан адолат топмаса, давлатга бўлган ишонч ҳам заифлашад”, Президент Администрацияси раҳбари–Саида Мирзиёева.
Самарқанд вилояти прокуратураси ҳамда суд тизими мансабдорлари қонун устуворлигини четга суриб, ўз шахсий манфаатларини устун қўйиб, адвокатга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бу ҳақда “ЖУСТИCЕ” адвокатлик фирмаси адвокати Алишер Маматов Эффеcт.узъга маълум қилди.
Адвокатнинг сўзларига кўра у, Самарқанд вилоятидаги суд тергов органларидаги тизимли сохтакорликлар ва судя О.Аллаевнинг жиноятларини фош этган.
Яъни адвокатнинг қонуний эътирозлари натижасида биринчи инстансия суди судяси О.Аллаев томонидан суд баённомаси сохталаштирилганлиги аён бўлган.
Буни Самарқанд вилоят судлари судялари малака ҳайъатининг Хизмат текшируви хулосаси ҳам расман тасдиқлаган. Оқибатда Самарқанд вилоят суди апелляция инстансиясининг бутун таркиби ишдан четлатилган. Адвокат Маматов иштирокида суд иши Самарқанд вилоятида эмас, балки Жиззах вилоят судига ўтказилган.
Шундан сўнг, Самарқанд вилоят прокурори Муродқосим Эшназаров адвокат Маматовга нисбатан “уруш” очган. Вилоят прокурори ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, қонуни ҳимоячисининг 2020-йилдаги эски фуқаролик ишларини “ковлаб” чиққан. Тирноқ ичидан кир қидирган излаганини топар деганларидек, вилоят прокурори асоссиз важлар билан ҳуқуқшунос Маматовга нисбатан Жиноят Кодекснинг 168-моддаси 4-қисми (Фирибгарлик (ўта йирик миқдорда))ва 28-моддаси (жиноятга шерик), 211-моддаси 3-қисми (Пора бериш (ўта йирик миқдорда)) билан янги жиноят иши қўзғатган.
Бу ҳаракатлар Адвокат дахлсизлигининг бузилишига сабаб бўлади. “Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси ва бошқа қонун ҳужжатларига кўра, адвокатни кўрсатган юридик ёрдами учун жавобгарликка тортиш ёки таъқиб қилиш қатъиян тақиқланади.
Қонун ҳимоячисининг қўшимча қилишича, Самарқанд вилояти тергов органи адвокатнинг оқловчи далиллари ва хизмат текшируви хулосаларини инобатга олмай, фақатгина прокурорнинг “кўрсатмасини” бажаришга киришган. Бу ЖПКнинг 22-моддасидаги (ҳақиқатни аниқлаш) талабларининг қўпол бузилишига сабаб бўлади.
Ҳолатнинг қизиқ томони шундаки, юрист Маматовнинг 6-йил олдинги–2020-йилдаги фуқаролик ишлари юзасидан айблов, вилоят судяларининг ва прокуратура тизимининг жиноий ишини далиллар асосида фош қилгандан сўнг қўзғатилган. Бу эса Самарқанд вилоятининг амалдорларига нисбатан қатор шубҳали саволларни туғдиради.
Ушбу тизимли таъқиблар, сохталаштириш ва шахсий хусумат воситасига айланган прокуратура босими остида қолган адвокат Алишер Маматов бевосита Президент Шавкат Мирзиёевга ва Президент Администрациясига мурожаат билан чиқди.
Адвокат ўз мурожаатида давлат раҳбаридан, Самарқанд вилоят прокурори томонидан 2020-йилги фуқаролик иши юзасидан адвокатга нисбатан қўзғатилган ноқонуний жиноят ишини зудлик билан тўхтатиш ва бекор қилишни, терговнинг холислигини таъминлаш мақсадида ишни Самарқанд вилоятидан олиб, Бош прокуратуранинг Ўта муҳим ишлар бўйича терговчиларига ўтказишни ҳамда прокурорининг ўз хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиб, адвокатга нисбатан уюштирган тизимли таъқиби юзасидан Президент Администрацияси назорати остида хизмат текшируви тайинлашни сўрамоқда.
Маҳаллий мансабдорлар қонунни ўз шахсий таёғига айлантириб олар экан, давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар халқ орасида ишончсизликка учрайверади. Эффеcт.уз воқеалар ривожини ва Самарқанд вилояти прокуратураси атрофидаги ушбу машмашали ҳолатни кузатишда давом этади.



