Ўзбекистон

Самарқанд Экологик фонд Глобал кенгашининг 71-йиғилишига мезбонлик қилмоқда

Administrator31-май, 2026, 18:37118 кўришлар
Самарқанд Экологик фонд Глобал кенгашининг 71-йиғилишига мезбонлик қилмоқда

Самарқанд шаҳрида ГЕФънинг Саккизинчи ассамблеяси ва «Еcо Эхпо Cентрал Асиа 2026» халқаро кўргазмаси олдидан Глобал экологик фонд Кенгашининг 71-йиғилиши расмий равишда очилди. Анжуманда фондга аъзо 186 мамлакат вакиллари, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар ҳамда фуқаролик жамияти фаоллари иштирок этмоқда.

Яқин кунлар ичида ГЕФ раҳбар органлари 2026–2030 йилларга мўлжалланган стратегик ҳамкорлик устуворликларини муҳокама қилади ва экологик ҳамда иқлим лойиҳаларига 200 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратиш имкониятларини кўриб чиқади.

Сессиянинг очилишида Ўзбекистон Республикаси президентининг атроф-муҳит масалалари бўйича маслаҳатчиси Азиз Абдуҳакимов ва ГЕФ бош директори вазифасини бажарувчи Клод Гаскон сўзга чиқди.

Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида ушбу нуфузли тадбирнинг Самарқандда ўтказилиши мамлакат учун катта шараф эканини таъкидлади:

«Асрлар давомида Самарқанд турли қитъалардаги одамлар, маданиятлар ва ғояларни бирлаштириб келган. Бугун эса шаҳар яна учрашув нуқтасига айланмоқда — бу гал умумий экологик муаммоларимизни ҳал қилиш йўлидаги глобал ҳамкорлик учун», — деди у.

Шунингдек, Ассамблеянинг «2030 йилга томон сўнгги спринт» деб номланган мавзуси глобал экологик инқироз даврида халқаро мажбуриятларни бажариш учун жуда долзарб экани қайд этилди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ГЕФ билан ҳамкорликдаги лойиҳалар портфели умумий қиймати 56 миллион долларлик 13 та лойиҳани, шунингдек, 30 миллион доллардан ортиқ қийматга эга бўлган яна 5 та қўшимча лойиҳани ўз ичига олади. Фонд йиллар давомида мамлакатимизда биохилма-хилликни асраш (жумладан, қор қоплонини ҳимоя қилиш), Орол бўйи экотизимини тиклаш ва чиқиндиларни бошқаришни яхшилашда кўмаклашиб келмоқда.

Кенгаш давомида океанларни асраш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва Ўзбекистон учун режалаштирилган энергияни сақлаш тизимлари бўйича ташаббуслар ҳам муҳокама қилинади. Бундан ташқари, Самарқандда ГЕФ Фуқаролик жамияти ташкилотлари форуми ҳам бўлиб ўтади.

Маълумот учун, ГЕФ саккизинчи ассамблеясининг расмий очилиш маросими 4 июнь куни Самарқандда бўлиб ўтади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Самарқанд Экологик фонд Глобал кенгашининг 71-йиғилишига мезбонлик қилмоқда | Effect.uz