Сиёсат

Садақа ёки хато? Интернетдаги хайриялар ортидаги хатар

Abror Eshonxonov17-март, 2026, 13:18162 кўришлар
Садақа ёки хато? Интернетдаги хайриялар ортидаги хатар

Рамазон ойида эҳсон, садақа ва закот қилиш мусулмонлар учун энг фазилатли амаллардан бири ҳисобланади. Бироқ сўнгги йилларда ушбу эзгу амаллардан ноқонуний мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳам кўпайиб бормоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, интернет тармоқларида “еҳсон”, “хайрия” ниқоби остида маблағ йиғиш ҳолатлари ортида айрим ҳолларда террористик тузилмаларни молиялаштириш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда.

Жумладан, 2025-йил кузида Жанубий Кореяда сохта хайрия ташкилоти орқали пул йиғган ўзбекистонлик фуқаро қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. У 952 миллион вондан ортиқ маблағни фирибгарлик йўли билан тўплаб, унинг бир қисмини халқаро террорчи ташкилотларга йўналтиргани маълум қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам Бухоро вилоятида терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноят ҳолати фош этилди. Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи шахс хориждаги экстремистик гуруҳ сафига қўшилиб, интернет орқали турли баҳоналар билан маблағ йиғган ва уни террористик фаолиятга йўналтирган.

Маълум қилинишича, ушбу жараёнга бошқа шахслар ҳам жалб этилган бўлиб, айрим фуқаролар билмаган ҳолда терроризмни молиялаштиришда иштирок этган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Экспертлар интернет орқали эълон қилинаётган норасмий хайрия аксияларига пул ўтказишдан олдин манбаларни синчиклаб текшириш, маблағлар ҳақиқатан эҳтиёжмандларга етиб бораётганига ишонч ҳосил қилиш зарурлигини таъкидламоқда.

Шунингдек, расмий хайрия фондлари орқали амалга оширилган эҳсонлар шаффофлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилмоқда.

Мутахассисларга кўра, фуқароларнинг онгли ва ҳушёр бўлиши нафақат шахсий маблағларини асраш, балки жамият хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим омил ҳисобланади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Садақа ёки хато? Интернетдаги хайриялар ортидаги хатар | Effect.uz