Ўзбекистон

Қидирувдаги шахсга 200 млрдлик активларга эга жамият улуши қандай расмийлаштирилди?

Administrator28-сентябр, 2026, 19:13191 кўришлар
Қидирувдаги шахсга 200 млрдлик активларга эга жамият улуши қандай расмийлаштирилди?

Суратдаги шахс Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг имзосини қалбакилаштириш, йирик миқдорда фирибгарлик ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбланаётгани сабабли Интерпол қидирувига берилгани айтилмоқда.

Айни пайтда, даъвога кўра, у халқаро қидирувда бўлган даврида бошқа бир хорижлик инвесторга тегишли, қарийб 200 миллиард сўмлик активларга эга жамиятдаги 50 фоизлик улушни гўёки сотиб олгани ҳақида қалбаки шартнома расмийлаштирган. Кейинчалик ушбу улуш ўз номи­га расмийлаштириб олингани айтилмоқда.

Хорижлик инвестор бу ҳолатдан норози бўлиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Бироқ Шайхонтоҳур тумани ИИБ томонидан шикоят муаллифи чақирилгани, у келмагани ва шу сабабли жиноят таркиби аниқланмагани ҳақида қарор қабул қилинган.

Инвестор вакили мазкур қарордан норози бўлиб, Тошкент шаҳар прокурори А.Ўрмонов ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ўринбосари Д.Мирсодиқов қабулида бўлган.

Вакилнинг айтишича, у ерда ҳолат бўйича фирибгарлик аломатлари мавжудлигини кўрсатувчи далиллар тақдим этилган. Шундан сўнг аввалги қарор бекор қилинган.

Бироқ вакилнинг таъкидлашича, қарор бекор қилинганига бир ҳафтага яқин вақт ўтган бўлсада, ҳозирга қадар жиноят иши қўзғатилмаган.

Масъул идоралардан ҳолатни назоратга олиб, инвесторнинг мурожаатига қонуний баҳо бериш сўралмоқда.

Эслатма: юқоридаги материалда шахсга нисбатан келтирилган айбловлар манбада баён қилинган ҳолатлар сифатида берилди. Суднинг қонуний кучга кирган ҳукми мавжуд бўлмаса, шахсни айбдор деб қатъий ифода қилишдан сақланиш лозим.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Қидирувдаги шахсга 200 млрдлик активларга эга жамият улуши қандай расмийлаштирилди? | Effect.uz