Оқсув дарёсида умумий қуввати 24 мегаватт бўлган учта гидроелектр стансия фойдаланишга топширилди. Янги ГЕСлар йилига 105,1 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариши ва қарийб 44 минг хонадонни электр билан таъминлаши кутилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида Оқсув дарёсида барпо этилган янги гидроелектр стансиялар ишга туширилди.

Мажмуа таркибидан 6,2 МВт қувватли Рабат ГЕС, 7,5 МВт қувватли Чаппасуй ГЕС ва 10,3 МВт қувватли Тамшуш ГЕС ўрин олган.
“Ўзбекгидроенерго” АЖ маълумотига кўра, стансиялар каскади йилига ўртача 105,1 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — табиий газ ва кўмир сарфини камайтириш. Ҳисоб-китобларга кўра, йилига қарийб 31,5 миллион куб метр табиий газ ва 45–50 минг тонна кўмир тежалиши мумкин.

Янги ГЕСлар Оқсув дарёсининг табиий гидроенергетика салоҳиятидан фойдаланиш орқали ҳудуд энергетика инфратузилмасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, ишлаб чиқариладиган электр энергияси йилига қарийб 44 минг хонадон эҳтиёжини қоплаш имконини беради. Лойиҳа қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва энергия ишлаб чиқариш манбаларини диверсификация қилишга қаратилган.




