Қарши шаҳар суди Батош МФЙ ҳоким ёрдамчиси Шавкат Анаровнинг ишдан бўшатилиши юзасидан чиқарилган қарорни ғайриқонуний деб топди. Суд материалларига кўра, Шавкат Анаров 2024-йил май ойидан буён тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси сифатида ишлаган.

Қайд этилишича, 2025-йил 23-июлда Қарши шаҳар ҳокимининг қарори билан у Меҳнат кодексининг 160-моддаси асосида ишдан бўшатилган. Ҳокимлик бу қарорга Анаровнинг “ўз хоҳишига кўра бўшаш” ҳақидаги аризаси асос бўлганини билдирган.
Бироқ даъвогар судда ариза босим ва тазйиқ остида ёздирилганини, аслида ишдан кетиш нияти бўлмаганини маълум қилган. Суд иш ҳужжатлари ва тарафлар баёнотларини ўрганиб, меҳнат шартномаси қонун талабларига зид равишда бекор қилинган деган хулосага келди.
Қарорга кўра:
— Қарши шаҳар ҳокимининг Шавкат Анаровни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарори бекор қилинди;
— у аввалги лавозимига қайта тикланди;
— ҳокимликдан унинг фойдасига 37 млн сўмдан ортиқ мажбурий прогул пули ундирилиши белгиланди;
— қўшимча равишда 2 млн сўм маънавий зарар компенсацияси тайинланди.



Суд ушбу вазиятда ишга тиклаш қисми дарҳол ижро этилишини белгилаган бўлсада, ҳокимлик суд ҳужжатини 31-декабрдан буён бажармаяпти.




