Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ташкил этилган Рақамлаштирилган бошқарув маркази фаолияти билан танишди.
Президент марказ фаолияти билан танишар экан, сунъий интеллект орқали, айниқса, тоғ-кон ва металлургия тармоқларида самарадорликни ошириш бўйича катта имкониятлар борлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида замонавий ресурс тежовчи технологияларни кенг жорий этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу ернинг ўзида давлат раҳбарига комбинатнинг ишлаб чиқариш ва технологик жараёнларини янада рақамлаштириш бўйича режалар тақдимот қилинди.

Қайд этилганидек, кондан маъдан қазиб олишдан бошлаб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараёнлар босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда. Келгуси беш йилда ҳар бир босқичга сунъий интеллект ечимларини кенг жорий этиш кўзда тутилган.
Саксон йил давомида тўпланган геологик ва маркшейдерлик маълумотлари асосида конларни рақамлаштириш ишларининг бориши ҳақида ҳам ахборот берилди. Жумладан, “Рақамли кон” тизими кунлик, ҳафталик ва ойлик қазиш ишларининг аниқ йўналишларини белгилаш имконини бермоқда.
Сунъий интеллект асосида карер йўллари ҳолати назорат қилинмоқда, самосвал шиналарининг босими ва ҳарорати датчиклар орқали кузатиб борилмоқда. Ана шундай доимий мониторинг натижасида шиналарнинг хизмат муддати 14 фоизга оширилган.

Соҳада замонавий технологияларни чуқур ўзлаштирган мутахассислар тайёрлаш, кадрларни янги иш усуллари ва рақамли ечимлар асосида ўқитиш устувор вазифалардан бири экани кўрсатиб ўтилди. Патент ишлари кўламини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Фабрикадаги ҳар бир босқичда қўлланилаётган илмий-технологик ечимларни патентлаш, бу борада ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш, истиқболли инновацион йўналишларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, янги патент бу – янги технология, янги ишлаб чиқариш йўналиши ва янги бозорлар, демак. Мамлакатимиздаги бой хомашё базаси жаҳон бозорларига чиқиш учун кенг имкониятлар яратаётгани инобатга олиниб, 2026-йилда қайси истиқболли йўналишларда яна қанча патент олиш мумкинлиги юзасидан аниқ ёндашувларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.




