Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси марказининг расмий очилиши ҳамда ифторлик маросимида иштирок этди. Маросимга ҳудудлардаги студиялар орқали нуронийлар, олиму уламолар, кенг жамоатчилик вакиллари уланди.
Шунингдек, турли миллат ва диний конфессиялар аъзолари, дипломатик корпус намояндалари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашди. Бундан ташқари тадбирга ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов ҳам ташриф буюрди.
Тадбир аввалида давлати раҳбари бутун халқимизни муборак Рамазон ойи билан яна бир бор чин қалбдан табриклади. Шу улуғ айём кунларига барчамизни тинч-омон, соғ-саломат етказгани учун Аллоҳ таолога беҳад шукроналар айтилди.
Президент ҳозирги ғоят таҳликали замонда тинчлик нақадар улуғ ва бебаҳо неъматлигини, 38 миллиондан зиёд аҳолимиз ягона халқ, аҳил бир оила бўлиб яшаётгани энг катта бойлигимиз эканини янада чуқур ҳис этиш зарурлигини таъкидлади.
“Не-не аждодларимизнинг орзу-ниятлари, армонлари рўёбга чиққан мана шундай унутилмас кун билан, чинакам илм-маърифат байрами билан ҳаммангизни чин қалбимдан табриклайман.
Мамлакатимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи ва бой маданиятининг, Янги Ўзбекистон имкониятларининг ёрқин кўзгуси бўлган ушбу бетакрор ва буюк мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин! – деди Президент.
Таъкидланганидек, юртимизда ривожланган давлат ва эркин жамият пойдеворини барпо этиш учун “Енг аввало, илм ва таълим” деган олий мақсад ҳаётга жорий этилмоқда. Зеро, муқаддас ислом дини ҳам инсонни доимо илму маърифатга даъват этади.
Шу боис, Ислом сивилизацияси марказининг Улуғбек дарвозаси пештоқига Қуръони каримнинг “Иқро!” – “Ўқи!” деган муборак ояти муҳрлаб қўйилгани рамзий ва теран маънога эга экани айтилди.
Марказни барпо этиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида эълон қилинган эзгу ташаббус жаҳон жамоатчилиги, айниқса, ислом ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланди.
Лойиҳа шошилинч эмас, чуқур ўйланган, илмий тадқиқот ва изланишлар билан уйғун ҳолда амалга оширилди. Натижада Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида бетакрор архитектурага, чинакам миллий руҳ ва миллий қиёфага эга бўлган шарқона шаҳарча қад ростлади.
Марказда Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва сивилизацияси дурдоналарини ягона маърифий маконда кўриш, шу асосда халқнинг интеллектуал ва маданий салоҳиятини янада теран англаш мумкин.

“Бу маскан билан танишган ҳар бир одам, халқимиз, айниқса, ёшларимиз ислом динининг гуманистик моҳиятини англаб етади, ўзининг қандай улуғ мерос эгаси эканини ҳис этиб, қалби ғурур ва ифтихорга тўлади”, – деди Президент.
Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун минтақанинг маънавий мулки бўлган бебаҳо бойликни чуқур ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб этиш мақсадида уни Ислом сивилизацияси деган ном остида бирлаштиришга қарор қилингани айтилди.
Халқаро экспертлар эътироф этганидек, бугун Ўзбекистонда ислом сивилизацияси меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича ўзига хос катта илмий мактаб шаклланаётгани, мамлакатимиз ўзининг қанчалик катта интеллектуал салоҳияти борлигини дунёга намоён эта олгани таъкидланди.
Президент марказнинг кўлами ва имкониятлари ҳақида тўхталиб, ушбу ноёб мажмуа салкам 10 гектар ҳудудда жойлашгани, бинонинг умумий фойдаланиш майдони 50 минг квадрат метрни ташкил этишини қайд этди.
Бу ерда “Ўзбекистон заминида исломгача бўлган давр”, “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс”, “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори” каби экспозиция заллари мавжуд.
Музей экспозициясини шакллантириш ва бойитиш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилиб, ўтган йилнинг ўзида 1,5 мингдан ортиқ экспонат, жумладан, 800 га яқин қадимий қўлёзма, археологик топилма ва тарихий хариталар экспозицияга жойлаштирилган. Хорижий ауксион уйлари, йирик коллексионерлар ва арт-дилерлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, 743 та экспонатнинг асл нусхалари Ўзбекистонга келтирилгани таъкидланди.

Марказнинг асосий зали – муқаддас Қуръон залида дунёдаги энг қадимий олтита Қуръони каримдан бири бўлган мўтабар Усмон Мусъҳафи ўзининг юксак мақомига муносиб шарафли ўрин топган. Шунингдек, турли даврларга оид нодир Қуръон қўлёзмалари ҳам шу ерда жамланган.
Қайд этилганидек, Ислом сивилизацияси маркази 2025-йилнинг ўзидаёқ минглаб хорижий меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Улар орасида қатор давлатлар президентлари, парламент ва ҳукумат раҳбарлари, депутат ва сенаторлар, вазирлар, элчилар, илм-фан ва жамоат арбоблари, диний ташкилотлар раҳнамолари бор.
Марказни лойиҳалаш, қуриш ва замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозлашда Франсия, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Туркия, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлардан малакали мутахассислар иштирок этди.
Давлат раҳбари ушбу мажмуани бунёд этишга муносиб ҳисса қўшган лойиҳачи ва қурувчилар, муҳандислар, олиму уламолар, хорижий ҳамкор ва экспертларга, жумладан, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти аъзоларига, барча фидойи инсонларга миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, мазкур йирик ва мураккаб маданий иншоотни қуришда ҳомийлик ёрдамини кўрсатган маҳаллий ва чет эллик тадбиркорлар, маданият ва спорт намояндаларига алоҳида раҳмат айтилди.

“Ислом сивилизацияси марказини барпо этишга киришар эканмиз, мен, дунёнинг қаерида бўлмасин, тарихимизга тегишли бир варақ қўлёзма бўлса ҳам, битта экспонат бўлса ҳам топиб, юртимизга олиб келишни орзу қилган ва шу вазифани ўртага қўйган эдим. Минг шукрки, бугун ана шу мақсадимизга аста-секин эришяпмиз. Бу ишларни, албатта, давом эттирамиз”, – деди давлат раҳбари.
Жаҳоннинг турли мамлакатларида сақланаётган ноёб қўлёзмаларни аниқлаш ва ўрганиш учун янги халқаро илмий экспедициялар ташкил этилиши таъкидланди. Бу ишларга маҳаллий ва хорижий олимлар, етакчи халқаро илмий марказлар кенг жалб этилади.
Шунингдек, Марказ фаолиятини кенг кўламда йўлга қўйиш мақсадида бу ерда ИCЕСCО, ИРCИCА, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Франсиядаги Темурийлар жамияти, ТУРКСОЙ каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик асосида офислар ташкил этилгани қайд этилди. Энди улар билан ҳамкорликни янада кучайтириш учун барча зарур шароитлар яратилиши белгиланди.
Марказда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам ўзининг янги қароргоҳига эга бўлгани, бу ерда ислом меросини чуқур ўрганиш, диний ходимлар ва имом-хатиблар малакасини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.
Яқин келажакда БМТ қароргоҳида ҳам Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг тақдимотларини ўтказиш режалаштирилган.
Президент марказ маънавий-маърифий йўналишдаги фаолият учун фундаментал база бўлишини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси талабалари юқори курсларда шу ерда ўқиши, ўқитувчи-домлалар эса ўз билими ва малакасини ошириши назарда тутилган.
Энг муҳими, марказ ёшларимиз орасидан янги хоразмийлар, беруний ва улуғбеклар, фарғоний ва ибн синолар, бухорий ва термизийлар етишиб чиқиши учун мустаҳкам маънавий майдон бўлиши кераклиги қайд этилди.
Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари олим ва тадқиқотчилар, шоир ва адиблар, диний уламолар, режиссёр ва рассомлар, журналистлар, ижодкор ёшларга мурожаат қилди:
“Бу тенгсиз бойликдан илҳомланиб, сизлар яратадиган илмий тадқиқотлар, бадиий китоб, кино ва театр асарлари, картина ва кўрсатувлар уч минг йиллик тарих ва маданиятнинг сўнмас овози бўлиб дунёга таралсин! Янги Ўзбекистонни тинчлик, эзгулик, билим ва маърифат диёри сифатида оламга тараннум эцин! Халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун тарбия ва миллий ғурур мактабига айлансин!” – деди Президент.

Сўзининг якунида давлат раҳбари Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази эл-юртимиз ва жаҳон аҳлига ҳамиша беминнат хизмат қиладиган тинчлик, эзгулик, билим ва маърифат майдони бўлиб қолишига ишонч билдирди.
Ифторлик маросимида Қуръони каримдан тиловат қилинди. Муқаддас Рамазон ойида тутилаётган рўзалар, қилинаётган ибодатлар қабул бўлиши, Яратган Парвардигор халқимизни ва Ўзбекистонни ўз паноҳида асрашини сўраб, дуолар қилинди.




