Сиёсат

Президент: ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласидан шикоятлар кўп

Administrator14-март, 2026, 03:29206 кўришлар
Президент: ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласидан шикоятлар кўп

2025-йилда ички ишлар тизими ваколатига оид 148 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Шикоятларнинг катта қисми ходимларнинг муомала маданияти ва тергов сифати билан боғлиқ.

Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга бағишланган йиғилишда ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласи ва тергов сифати юзасидан норозиликлар кўплигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев жума куни ўтказган йиғилишда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда қайд этилишича, 2025-йилда ички ишлар органлари ваколатига оид масалалар бўйича 148 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Шикоятларнинг катта қисми ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласи ҳамда тергов сифати билан боғлиқ экани таъкидланди.

Давлат раҳбари тизим масъулларига ҳар 1 минг аҳолига нисбатан энг кўп мурожаат тушаётган ҳудудларга бориб, вазиятни ўрганиш топшириғини берди. Бундай ҳудудлар қаторида Денов, Ургут туманлари, Самарқанд, Қарши, Наманган, Жиззах, Фарғона ва Чирчиқ шаҳарлари қайд этилди.

Президент мазкур ҳудудларда аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказиш, профилактика инспекторлари ва терговчиларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда муомала маданиятини ошириш бўйича чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда яна бир муаммо — айрим болаларга туғилганлик ҳақида гувоҳнома расмийлаштиришдаги бюрократик тўсиқлар ҳам муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, турли сабаблар билан туғилганлик гувоҳномасини ололмаган болалар масаласи бўйича 448 нафар фуқаро мурожаат қилган.

Президент бу ҳолатга эътибор қаратиб:

“Бу боласини боғча ва мактабга жойлаштиришда гувоҳнома талаб қилингани учун мажбур бўлиб мурожаат қилганлар. Ҳали ариза бермаганлари қанча?” — дея савол қўйди.

Мазкур муаммони ҳал қилиш учун Ўзбекистон Адлия вазирлигига содда ва амалий ечим ишлаб чиқиш топширилди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Президент: ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласидан шикоятлар кўп | Effect.uz