Ўзбекистон

Пекинда Ўзбекистон Ислом сивилизацияси маркази ва Хитой музейларининг янги ҳамкорлик дастури тақдим этилди

Administrator24-июл, 2026, 22:3374 кўришлар
Пекинда Ўзбекистон Ислом сивилизацияси маркази ва Хитой музейларининг янги ҳамкорлик дастури тақдим этилди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил этилган ушбу йирик анжуманда 200 нафардан ортиқ дипломатлар, давлат идоралари вакиллари, музей раҳбарлари, археологлар, санъатшунослар ҳамда икки мамлакат экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этди. Тадбир қатнашчиларига Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом сивилизацияси марказининг ноёб консепсияси, асосий экспозициялари ҳамда халқаро миссияси ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли филм намойиш этилди.

Учрашувда Буюк Ипак йўли орқали шаклланган кўп асрлик алоқаларни ўрганиш ва оммалаштириш масалалари диққат марказида бўлди. Томонлар қўшма музей кўргазмалари, археологик экспедициялар ташкил этиш, илмий-нашр лойиҳаларини амалга ошириш ва мултимедиа экспозицияларини яратиш бўйича истиқболли режаларни тақдим этдилар.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистоннинг ХХРдаги Элчиси Фарҳод Арзиев ва ШҲТ Бош котиби ўринбосари Хан Сухейл давлат раҳбарлари ўртасидаги яқин ва дўстона муносабатлар туфайли икки томонлама алоқалар мисли кўрилмаган даражада юксалганини, маданий дипломатия ва гуманитар шериклик ушбу муносабатларга янги амалий мазмун бағишлаётганини алоҳида таъкидладилар.

Ислом сивилизацияси маркази делегациясининг Хитойга ташрифи якунларига кўра Гонконг Сарой музейи, Хитой Миллий музейи, Хитой Археология музейи, Гугун ва Шенси тарихи музейлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Ташрифнинг энг муҳим натижаларидан бири — Хитой музейлари ва хусусий коллексияларида суғд маданиятига оид ноёб экспонатлар ҳамда Ўзбекистон тарихига оид қимматли артефактлар мавжудлиги аниқлангани бўлди.

Шунингдек, икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги муносабати билан янги лойиҳалар дастурини амалга оширишга келишиб олинди. Ушбу дастур Хитой тўпламларида сақланаётган Ўзбекистон маданий меросига бағишланган илмий албом тайёрлаш ва ўзаро кўргазмалар ташкил этишни назарда тутади.

Тадбир доирасида элчихонада иккита доимий экспозицияга асос солинди: мамлакатнинг замонавий тараққиётига бағишланган «Янги Ўзбекистон» фотокўргазмаси ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WОСCУ)нинг илмий нашрлари ва китоб-албомлари кўргазмаси очилди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Пекинда Ўзбекистон Ислом сивилизацияси маркази ва Хитой музейларининг янги ҳамкорлик дастури тақдим этилди | Effect.uz