Ўзбекистон

Париждаги халқаро мулоқот: Ислом сивилизацияси маркази Юнескода Мовароуннаҳр меросини тақдим этди

Administrator9-октябр, 2026, 08:3037 кўришлар
Париждаги халқаро мулоқот: Ислом сивилизацияси маркази Юнескода Мовароуннаҳр меросини тақдим этди

ЮНЕСКОнинг Париждаги Бош қароргоҳида «Ислом сивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари» мавзусида бўлиб ўтган анжуман Марказий Осиё алломаларининг жаҳон сивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб этишда янги босқични бошлаб берди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби буюк мутафаккирлар меросини дунёнинг етакчи халқаро майдонларида тақдим этиш бўйича илгари сурган ташаббусларининг амалий ижросидир. Тадбир Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази, мамлакатимизнинг ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхонаси, ТИВ, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (АCДФ), WОСCУ ва бир қатор нуфузли илмий-тадқиқот марказлари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Анжуманда сўзга чиққан ЮНЕСКО Бош конференсиясининг 43-сессияси Президенти Ҳонгкер М. Талха ҳамда ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси доктор Носир бин Ҳамад ал-Ҳинзоб Ўзбекистоннинг бағрикенглик ва маданий мулоқотни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладилар. Ҳонгкер М. Талха ўз сўзида ўзаро англашув ва ҳамкорлик руҳи ЮНЕСКО фаолиятининг асосини ташкил этишини ҳамда БМТда илгари сурилган халқаро ташаббуснинг давоми бўлган ушбу муҳим тадбир учун Ўзбекистон Ҳукуматига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, ИСЕСCО бош директори доктор Салим Ал-Малик, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори доктор Фарҳан Низомий, ИРCИCА бош директори профессор Маҳмуд Эрол Қилич ва бошқа хорижий экспертлар Марказ фаолияти жаҳон маданий ва маърифий мулоқотига катта ҳисса қўшишини таъкидладилар.

Анжуманнинг марказий воқеаси сифатида ўтказилган Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази тақдимоти иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Марказ экспозицияси 3000 йилдан зиёд тарихий жараёнларни — қадимги маданиятлардан тортиб, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс орқали Янги Ўзбекистонгача бўлган даврни қамраб олади. Тадбир давомида ноёб қадимий қўлёзмаларни асраш, тарихий артефактларни сақлаш, экспозицияларда сунъий интеллект ва рақамлаштириш ечимларидан фойдаланиш ҳамда хорижий тадқиқот марказлари ва музейлар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Конференсиянинг илмий дастури учта тематик сессияга бўлиниб, унда Марказий Осиёнинг интеллектуал мероси ва академик алмашинувларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Тадбир ЮНЕСКО Бош қароргоҳидаги тантанали қабул маросими билан якунланди. Анжуманда ЮНЕСКО Бош директори Холид ал-Ананий шахсан иштирок этиб, ўтказилган тадбирнинг глобал миқёсдаги юқори мақоми ва аҳамиятини алоҳида эътироф этди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Париждаги халқаро мулоқот: Ислом сивилизацияси маркази Юнескода Мовароуннаҳр меросини тақдим этди | Effect.uz