2026-йил 14-октабр куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси марказида энг яхши мавжуд технологиялар (ЭМТ) ва табиатни муҳофаза қилишнинг илғор амалиётларини жорий этиш масалалари бўйича Идоралараро ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Жаҳон банки гуруҳининг техник кўмагида ташкил этилган тадбир Ўзбекистон саноат корхоналарини экологик модернизация қилишга тизимли ёндашувни шакллантиришга қаратилди. Йиғилишда Давлат экологик экспертизаси маркази раҳбарияти ва мутахассислари, тегишли вазирлик ва идоралар, саноат корхоналари, илмий-тадқиқот ташкилотлари ҳамда тармоқ бирлашмалари вакиллари, шунингдек, Жаҳон банки гуруҳининг халқаро экспертлари иштирок этди.
Учрашувнинг асосий мақсади саноатнинг устувор тармоқларини ЭМТга босқичма-босқич ўтказиш бўйича Йўл харитаси лойиҳасини муҳокама қилишдан иборат бўлди. Унда замонавий технологик ечимларни жорий этиш, ифлослантирувчи моддалар чиқарилишини камайтириш, энергия ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, ишлаб чиқариш фаолиятининг атроф-муҳитга салбий таъсирини қисқартириш назарда тутилган.
Йиғилиш давомида Давлат экологик экспертизаси маркази вакиллари Жаҳон банки гуруҳининг халқаро экспертлари билан ҳамкорликда ЭМТ миллий тизимини ишлаб чиқишнинг консептуал ва методологик ёндашувларини, таклиф этилган методиканинг дастлабки синов натижаларини ҳамда 2028-йил охиригача бўлган даврни қамраб олувчи Йўл харитаси лойиҳасини тақдим этдилар.
ЭМТ бўйича тармоқ маълумотномаларини дастлабки босқичда ишлаб чиқиш учун семент саноати, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш, иссиқлик энергетикаси ва йирик қозон қурилмалари устувор йўналишлар сифатида белгиланган. Ушбу тармоқларнинг танланиши, аввало, саноат ифлосланишини камайтириш ва энергия кўп сарфланадиган ишлаб чиқаришларнинг экологик самарадорлигини ошириш зарурати билан боғлиқ.
Иштирокчилар халқаро тажриба ҳамда Ўзбекистон корхоналарининг фаолият хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ЭМТ бўйича миллий маълумотномаларни шакллантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу маълумотномалар экологик ва ресурс самарадорлигининг эришиш мумкин бўлган кўрсаткичларини белгилаш, мақбул технологик ечимларни танлаш ҳамда амалдаги ишлаб чиқариш корхоналарини изчил модернизация қилиш учун методологик асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
ЭМТни жорий этиш нафақат табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этиш воситаси, балки маҳаллий саноатнинг рақобатбардошлигини ошириш имконияти сифатида ҳам кўриб чиқилмоқда. Бунда ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш, хомашё, сув ва энергиядан оқилона фойдаланиш, чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш ҳамда айланма иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.
Муҳокамалар давомида экологик меъёрлаш, ишлаб чиқариш мониторинги ва корхоналар ҳисоботлари тизимини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар корхоналардан атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларнинг ҳақиқий миқдори, ишлаб чиқариш жараёнларининг технологик кўрсаткичлари ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисида ишончли маълумотлар базасини шакллантириш масалаларини кўриб чиқдилар. Бундай маълумотлар корхоналарнинг амалдаги экологик ҳолатини холис баҳолаш ва уларни ЭМТга ўтказишнинг реал муддатларини белгилаш учун зарур.
Йўл харитаси лойиҳаси доирасида ушбу йўналишдаги ишларни институционал жиҳатдан таъминлаш механизмлари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, тармоқ ва тематик эксперт гуруҳларини ташкил этиш, миллий экспертлар салоҳиятини ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, корхоналарни экологик модернизация қилиш учун иқтисодий рағбатларни шакллантириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш ва саноат ифлосланишини камайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда халқаро молия институтлари имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Гуруҳлардаги муҳокамалар давомида манфаатдор ташкилотлар вакиллари Йўл харитасида таклиф этилган йўналишлар, идоралараро ҳамкорлик, ахборот билан таъминлаш, молиялаштириш ва ЭМТни жорий этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларини кўриб чиқдилар. Муҳокамалар натижалари ва иштирокчилар томонидан билдирилган таклифлар Йўл харитаси лойиҳасини янада такомиллаштириш, уни амалга ошириш механизмларини аниқлаштириш ҳамда тармоқ эксперт гуруҳлари олдидаги устувор вазифаларни белгилашда фойдаланилади.
Энг яхши мавжуд технологияларни жорий этиш Ўзбекистоннинг саноатни экологик барқарор ривожлантириш моделига ўтишидаги муҳим йўналишлардан биридир. Ушбу ёндашувни изчил амалга ошириш корхоналарни технологик модернизация қилиш, атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш учун шароит яратади.
Давлат экологик экспертизаси маркази давлат органлари, саноат корхоналари, илмий жамоатчилик ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ЭМТ миллий тизимини ривожлантириш бўйича ишларни давом эттиради.
Ўзбекистонда саноатни энг яхши мавжуд технологияларга ўтказишнинг амалий механизмлари муҳокама қилинди
Administrator19-октябр, 2026, 17:0123 кўришлар

Улашиш:
Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистон
Эркинжон Турдимовга ходимларни суҳбат асосида ишга олиш учун ваколат берилди
19 соат олдин70

Ўзбекистон
Андижонда 20 ёшли йигит Лабода ағдарилиб кетди
19 соат олдин30

Ўзбекистон
Ўзбекистонда "Кредитга тақиқ" хизматидан фойдаланувчилар сони 3 миллионга яқинлашди
22 соат олдин31

Ўзбекистон
Собиқ ҳоким ёрдамчисидан яна 62,8 млн сўм ундирилади
20-октябр, 2026, 14:0878