Сиёсат

Ўзбекистонда қурол назорати кучайтирилади

Administrator12-март, 2026, 17:02143 кўришлар
Ўзбекистонда қурол назорати кучайтирилади

Ўзбекистонда ўқотар қуроллар муомаласи устидан назоратни кучайтириш ва тизим фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги томонидан қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Агентлик бошчилигида тузилган идоралараро ишчи гуруҳ қурол муомаласи, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда назорат тизимларини ўрганишга қаратилган тадбирларни амалга оширди. Жараён давомида бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамда тегишли обектлар фаолиятини таҳлил қилиш режалаштирилган.

Дастлабки босқичда Ички ишлар вазирлиги тизимидаги айрим йўналишлар фаолияти ўрганилди. Тезкор ва профилактик тадбирлар натижасида жорий йил бошидан буён 487 та ҳолат аниқланган. Шундан 227 таси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланган, 260 таси эса фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда топширилган.

Ўтказилган тадбирлар давомида қуйидагилар аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилган:

  • 255 дона турли хил ўқотар қурол,

  • 2841 дона патрон,

  • 57 дона қуролнинг асосий қисмлари,

  • 485,7 грамм портловчи модда.

Шунингдек, Ҳуқуқий статистика бош маркази фаолияти доирасида ўқотар қуролларга оид ҳисоботларни шакллантириш ва юритиш тартиби ҳамда мавжуд ахборот базаларининг имкониятлари таҳлил қилинди. Таҳлилларга кўра, қурол муомаласига оид маълумотларни ягона рақамли тизим орқали юритиш ва турли идоралар ахборот базаларини ўзаро интеграция қилиш назорат самарадорлигини ошириши мумкин.

Бундан ташқари, Эксперт-криминалистика бош марказида ўқотар қуролларни балистик экспертизадан ўтказиш тартиби, давлат ўқ-гилзотекаси ҳамда автоматлаштирилган балистик идентификация тизимининг имкониятлари ҳам ўрганилди. Мутахассислар балистик маълумотлар базасини мунтазам бойитиб бориш жиноятларни тезкор фош этишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Жамоат хавфсизлиги департаментида эса қурол муомаласини лицензиялаш ва рухсатнома бериш амалиёти, фуқаровий ҳамда хизмат қуроллари устидан назорат тизими таҳлил қилинди. Мутахассислар фикрича, ушбу жараёнларни босқичма-босқич рақамлаштириш ва электрон хизматларни кенгайтириш тизимнинг шаффофлигини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, ишчи гуруҳ пойтахтдаги қурол ва ўқ-дорилар савдосига ихтисослашган дўконлар фаолиятини ҳам ўрганди. Савдо жараёнлари, маҳсулотларни сақлаш шароитлари ҳамда қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолати таҳлил қилинди.

Ўрганишлар якунида қурол муомаласи устидан назоратни кучайтириш, ахборот тизимларини интеграция қилиш ва замонавий рақамли ечимларни жорий этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистонда қурол назорати кучайтирилади | Effect.uz