Ўзбекистон

Ўзбекистонда "Кредитга тақиқ" хизматидан фойдаланувчилар сони 3 миллионга яқинлашди

Administrator22 соат олдин31 кўришлар
Ўзбекистонда "Кредитга тақиқ" хизматидан фойдаланувчилар сони 3 миллионга яқинлашди

2026-йил 1-октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2 миллион 841 минг 475 нафар жисмоний шахс "Кредитга тақиқ" хизматидан фойдаланган. Бу ҳақда Кредит-ахборот таҳлилий маркази (КАТМ) маълум қилди.

Қайд этилишича, хизматдан фойдаланувчиларнинг 1 миллион 656 минг 387 нафарини эркаклар, 1 миллион 185 минг 88 нафарини эса аёллар ташкил этади.

2026-йил 1-июл ҳолатида хизматдан фойдаланувчилар сони 2 миллион 574 минг 26 нафар бўлган. Уч ой давомида уларнинг сони 267 минг 449 нафарга ёки 10,4 фоизга ошган.

"Кредитга тақиқ" хизмати фуқароларга ўз номига кредит, микрокредит ёки кредит картаси расмийлаштирилишини чеклаш имконини беради. Ушбу механизм шахснинг хабари ва иштирокисиз кредит расмийлаштириш билан боғлиқ фирибгарликларнинг олдини олишга қаратилган.

Хизмат 2025-йил 6-июндан ишга туширилган. Ундан фойдаланиш бепул бўлиб, фуқаролар тақиқни исталган вақтда ўрнатиши ёки бекор қилиши мумкин.

Чекловни КАТМ мобил иловаси, кредит бюросининг расмий веб-сайтидаги шахсий кабинет, марказнинг қўнғироқлар маркази, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштириш мумкин.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистонда "Кредитга тақиқ" хизматидан фойдаланувчилар сони 3 миллионга яқинлашди | Effect.uz