Ўзбекистон

Ўзбекистонда кўршапалакнинг ноёб тури аниқланди

Administrator14-октябр, 2026, 16:3633 кўришлар
Ўзбекистонда кўршапалакнинг ноёб тури аниқланди

“Жанубий Устюрт” миллий табиат боғида Ўзбекистон ҳудудида илк бор туркман узунқулоғи — Марказий Осиёда учрайдиган ноёб ва кам ўрганилган кўршапалак тури аниқланди. Ушбу топилма 2026-йил сентабр ойида Устюрт платосининг жанубий қисмида, Туркманистон билан чегарадош ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти экспедицияси давомида қайд этилди.

Тадқиқотлар Халқаро ИКИ лойиҳаси — “Табиатни муҳофаза қилиш борасида ягона саломатлик: Марказий Осиёда табиатни муҳофаза қилиш тизимларини мустаҳкамлаш орқали ландшафтларнинг зооноз касалликлар пайдо бўлишига нисбатан барқарорлигини ошириш” доирасида олиб борилди. Лойиҳа Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси кўмагида амалга оширилмоқда.

Туркман узунқулоғи тарқалиши ва ҳаёт тарзи ҳақидаги маълумотлар узоқ вақт давомида жуда чекланган ноёб қўлқанотлилар туридир. 1988-йилда зоолог Пётр Петрович Стрелков уни кулранг узунқулоқнинг (Плеcотус аустриаcус) кенжа тури сифатида тавсифлаган. 2006-йилда эса Фридерик Шпитзенбергер ва унинг ҳаммуаллифлари морфологик ҳамда генетик тадқиқотлар асосида туркман узунқулоғини мустақил тур сифатида эътироф этган.

Сўнгги тадқиқотларгача ушбу турнинг табиатда қайд этилгани ҳақидаги энг сўнгги маълумот 1970-йилга тегишли эди. Кейинги 55 йил давомида у билан янги "учрашувлар" қайд этилмаган ва тур ҳақидаги маълумотлар, асосан, музей намуналарига асосланган.

2025-йил кузида Берлин табиатшунослик музейи раҳбарлигидаги Германия, Ўзбекистон ва Туркманистон олимларидан иборат халқаро тадқиқотчилар гуруҳи Туркманистоннинг Қорақум чўлида туркман узунқулоғини аниқлади. Ўшанда илк бор тирик вакилларининг фотосуратлари ва видеоёзувларини олиш, шунингдек, уларнинг товуш сигналларини қайд этиш имконияти яратилди. Кўршапалаклардан бири Ўзбекистон билан чегарага яқин ҳудудда топилган эди.

Туркман узунқулоғининг Устюртда аниқланиши ушбу турнинг Ўзбекистон фаунасида мавжудлигини тасдиқловчи илк далил бўлиб, мамлакат биохилма-хиллигини ўрганишда янги босқични бошлаб берди. Мазкур топилма Марказий Осиёдаги ноёб қўлқанотлилар тарқалиши ҳақидаги маълумотларни кенгайтириш билан бирга, республиканинг кам ўрганилган табиий ҳудудларида илмий тадқиқотларни давом эттириш муҳимлигини ҳам кўрсатади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистонда кўршапалакнинг ноёб тури аниқланди | Effect.uz