Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси марказида ўтказилаётган “И Халқаро ислом сивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” доирасида Макка шаҳридаги “Масжид ал-Ҳаром” масжиди Бош имоми Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд маъруза қилди.
Нутқи аввалида у Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Ислом сивилизацияси марказини барпо этиш, халқаро форумни ташкил қилиш, исломий ва маданий меросни асраш ҳамда илм-маърифатни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирди.
«Бу ерда кўрганларим ва эшитганларим менда катта мамнуният уйғотди. Ўзбекистонда кечаётган жараёнлар бугунги кунда ҳақиқий Уйғониш руҳини намоён этмоқда», — деди Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд.
Унинг таъкидлашича, мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар Учинчи Ренессанс ғоясининг амалий ифодаси бўлиб, илм-фан, маданият ва маънавият ривожини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Макка бош имоми ўз маърузасида ислом сивилизацияси фақат тарихий обидалар ёки қадимий қўлёзмалар билан эмас, балки илмни имон билан, ҳуқуқни ахлоқ билан, эркинликни масъулият билан уйғунлаштирган ҳаёт тарзи сифатида намоён бўлишини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ислом сивилизацияси тавҳид асосида шаклланган бўлиб, инсон қадри, адолат, тенглик ва масъулият каби умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам этади. Бу сивилизация ирқ, миллат ёки маданият устунлигига эмас, балки барча инсонларнинг тенглиги ва ўзаро ҳурматига таянади.
Маъруза давомида ислом сивилизацияси ривожида муфассирлар, муҳаддислар, фақиҳлар, муҳандислар, фалакшунослар, тилшунослар ва тарихчиларнинг хизматлари алоҳида эътироф этилди. Улар илмни ривожлантириш, адолатни қарор топтириш ва инсон манфаатига хизмат қилишни ўз фаолиятининг асосий мақсади деб билганлари қайд этилди.
Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд ислом сивилизациясининг асосий тамойиллари сифатида адолат, бағрикенглик ва инсон ҳуқуқларига ҳурматни тилга олди. Унинг таъкидлашича, Ислом турли дин ва маданият вакилларининг тинч-тотув яшаши учун адолатли муҳит яратган ҳамда инсонпарварлик ғояларини устувор қадрият сифатида қарор топтирган.
Маърузада Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари кечиримлилик, раҳм-шафқат, адолат ва омонатдорликнинг энг юксак намунаси экани алоҳида қайд этилди.
Макка бош имоми бугунги кунда илм-фан ва технология жадал ривожланаётган шароитда мусулмон жамиятлари мўтадиллик, ҳикмат ва далилга асосланган ёндашувга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, ислом сивилизацияси фойдали тараққиётни қўллаб-қувватлайди, инсон манфаатига хизмат қиладиган илм ва инновацияларни қабул қилади.
Нутқ сўнгида Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд ёш авлодни мустаҳкам эътиқодли, юксак ахлоқли ва замонавий билимларга эга инсонлар этиб тарбиялаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, у сивилизациянинг ҳақиқий тараққиёти илмли инсон, адолатли раҳбар, омонатдор тадбиркор, фидойи муаллим ва ҳалол меҳнат билан таъминланишини қайд этиб, форум иштирокчилари ва Ўзбекистон халқига тинчлик, барака ва эзгу ишларида муваффақият тилади.




