Ўзбекистон

Ўзбекистонда 598 та ноқонуний қурол аниқланди

Administrator9-май, 2026, 02:3377 кўришлар
Ўзбекистонда 598 та ноқонуний қурол аниқланди

Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги мувофиқлаштирувида ҳуқуқ-тартибот органлари орасида йўлга қўйилган идоралараро мустаҳкам ҳамкорлик соҳадаги қонунбузарликларни олдини олиш, аниқлаш ва тезкорлик билан бартараф этишда ўз самарасини бермоқда.

Хусусан, жорий йилнинг бошидан буён ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлар натижасида 7,5 мингдан зиёд қурол муомаласига доир қонунчилик бузилиши ҳолатлари аниқланган бўлиб, 598 та ноқонуний қурол ва 3,2 мингга яқин ўқ-дорилар олиб қўйилган.

Ушбу ҳолатлар бўйича 264 та жиноят иши қўзғатилган, ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп ҳолатлар Қорақалпоғистон Республикасида — 44 та, Фарғона вилоятида — 39 та қайд этилган. Энг ками Жиззах ҳамда Хоразм вилоятларига — 5 тадан тўғри келади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 48 мингдан ортиқ фуқаро ов қуролини сақлаш ва ишлатишга рухсатномага эга. Уларнинг овчилик фаолияти ҳам доимий давлат органлари назоратида.

Жумладан, мунтазам равишда браконерликка қарши курашиш рейдлари ўтказилиб келинади. Жорий йилнинг ўтган даврида 2 мингга яқин рейд тадбирлари ташкил этилиб, 575 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Бевосита ҳайвонот дунёси обектларини ноқонуний овлаганлик бўйича 55 та ҳолат аниқланган. Энг кўп ҳолатлар Қашқадарё ва Хоразм вилоятларига тўғри келади — 12 тадан. Браконерлик фаолияти туфайли табиатга жами 4,3 млрд сўм зарар келтирилган, уларнинг деярли тенг ярми Қашқадарё ва Тошкент вилоятларига тўғри келади.

Ўтказилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда 433 қурол ва 3 мингдан зиёд ўқ-дорилар топширилган. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг ҳуқуқий онги ва масъулияти ошиб бораётганидан далолат беради.

Ушбу кўрсаткичлар мамлакатимизда қуроллар муомаласи устидан давлат назоратини кучайтириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ноқонуний айланмани бартараф этиш борасида олиб борилаётган ишларнинг изчил ва самарали эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистонда 598 та ноқонуний қурол аниқланди | Effect.uz