Ўзбекистон

Ўзбекистон — АҚШ муносабатлари: 11 йил ичида нималар ўзгарди?

Administrator18-октябр, 2026, 15:4152 кўришлар
Ўзбекистон — АҚШ муносабатлари: 11 йил ичида нималар ўзгарди?

2015-йилда АҚШ Давлат котиби Жон Керри Самарқандга ташриф буюрган эди.

Ўшанда ҳам Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги C5+1 формати кун тартибининг марказида бўлган. Бироқ бу ташриф Ўзбекистон учун анча нохуш ва халқаро миқёсда акс-садо берган воқеа билан ҳам тарихда қолган.

Ислом Каримов ва Жон Керри учрашуви бошланиши арафасида Тҳе Wашингтон Пост журналисти Керол Морелло Ўзбекистон президентига инсон ҳуқуқлари ҳақида савол беришга уринган. Савол жавобсиз қолган, журналист эса залдан чиқариб юборилган.

Бир қарашда учрашув олдидан юз берган кичик эпизоддек кўринган бу ҳолат халқаро резонансга айланган. Тҳе Wашингтон Пост ва бошқа халқаро нуфузли нашрлар воқеани ёритган, масала Вашингтонда АҚШ Давлат департаментининг расмий брифингида ҳам кўтарилган. Америкалик журналистлар ўз ҳамкасбига қилинган муносабат юзасидан Давлат департаментидан изоҳ талаб қилган.

Бу воқеанинг бунчалик катта акс-садо бериши бежиз эмасди. Чунки ўша йилларда Вашингтоннинг Ўзбекистон билан мулоқотида инсон ҳуқуқлари, сиёсий эркинликлар ва мажбурий меҳнат энг оғриқли мавзулардан эди. Самарқанддаги мана шу бир неча дақиқалик эпизод амалда ўша даврдаги муносабатларнинг умумий фонини ҳам аниқ кўрсатиб қўйганди.

Орадан 11 йил ўтди. АҚШ Давлат котиби яна Самарқандга келмоқда, C5+1 яна кун тартибида. Аммо бу сафар мулоқотнинг мазмуни бошқача. Бир пайтлар Вашингтон билан мулоқотда Ўзбекистондаги муаммоли масалалар устунлик қилган бўлса, бугун асосий эътибор ҳамкорлик, инвестициялар ва янги имкониятларга қаратилмоқда.

Бу фарқни Марко Рубио ташрифининг кўлами ҳам кўрсатиб турибди. Давлат котиби ташрифи доирасида 200 дан ортиқ Америка компаниялари вакиллари Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Вашингтондан Ўзбекистон ҳақида янграётган гапларда энди инвестиция, технология, савдо ва янги лойиҳалар тобора кўпроқ ўрин олмоқда. Бундай ўзгаришлар ортида эса сўнгги йилларда босиб ўтилган катта йўл бор.

Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган очиқлик ва ислоҳотлар сиёсати даврида йиллар давомида мамлакатнинг халқаро имижига соя солиб келган қатор муаммолар бартараф этилди. Мажбурий меҳнатга барҳам берилди, иқтисодиёт очилди, ташқи шериклар билан муносабатлар прагматик манфаатлар асосида қайта қурилди. Натижада Ўзбекистонга бўлган муносабат ҳам, у билан мулоқотнинг мазмуни ҳам янгиланди.

Энди эса шаклланган сиёсий ишончни аниқ иқтисодий натижаларга айлантириш босқичи бошланган. Бу жараёнда Саида Мирзиёева бошчилигида Президент Администрациясининг Америка бизнеси билан тўғридан тўғри мулоқоти фаоллашиб, йирик компаниялар ва молиявий институтлар билан музокаралар амалий лойиҳаларга айланиб бормоқда.

Шунинг учун 2015 ва 2026-йилги Самарқандни ёнма-ён қўйганда фарқ янада яққол кўринади: 11 йил аввал Вашингтон Ўзбекистон ҳақида гапирганда, асосий урғу муаммоларга қаратиларди. Бугун эса Ўзбекистон билан янги имкониятлар, йирик инвестициялар ва катта лойиҳалар муҳокама қилинмоқда.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистон — АҚШ муносабатлари: 11 йил ичида нималар ўзгарди? | Effect.uz