Ўзбекистон

“Ўғлим ўлмади, уни ўлдиришди” — Марҳум прокурорнинг онаси Зоминдаги ҳалокат бўйича қайта тергов талаб қилмоқда

Administrator10-апрел, 2026, 22:381.4K кўришлар

2023-йил 18-март куни Жиззах вилоятининг Зомин туманида содир бўлган автоҳалокат оқибатида прокуратура органларида ишлаган икки ходим ҳалок бўлган эди. Аммо ортидан икки йил ўтганига қарамай, мазкур ҳодиса юзасидан марҳумнинг онаси азоб-уқубат чекмоқда.

Иш ҳужжатларига кўра, фожиа оқибатида Зомин туман прокуратурасида фаолият юритган ёрдамчи иш ўрганувчи Элёр Кенжаев ва иш юритувчи Абдулазиз Қўзибоев воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна бир ходим — терговчи Достон Зиядуллаев оғир аҳволда шифохонага етказилган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳалокат Элёр Кенжаевнинг спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда автомобил бошқаргани оқибатида юз берган. Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, кейинчалик Жиноят-процессуал кодексининг тегишли нормаларига асосан иш тугатилган.

Бироқ марҳумнинг онаси Санобар Кенжаева ушбу хулосаларга шубҳа билан қарамоқда. Унинг таъкидлашича, ўғли ҳалокатдан бир ой олдин тушунарсиз сабабларга кўра ишдан кетмоқчи бўлган. Она бу ҳолатни оддий тасодиф деб ҳисобламайди.

Кенжаева экспертиза хулосаларидан норози бўлиб, қайта экспертиза ўтказиш ва ишни қайта тергов қилишни сўраб бир неча бор туман ва вилоят прокуратураларига мурожаат қилганини билдирмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу мурожаатлар етарли даражада кўриб чиқилмаган.

Фақат Республика Бош прокурорига қилинган мурожаатдан сўнг ишни қайта кўриб чиқиш ҳаракатлари бошланган. Аммо 2025-йил 18-сентябрда иш яна тугатилгани маълум қилинган.

Она ҳозирга қадар бир саволга жавоб изламоқда: бу воқеа ҳақиқатан ҳам оддий йўл-транспорт ҳодисасими ёки бошқа омиллар ҳам мавжудми?

Санобар Кенжаева фарзандини қайтариб бўлмаслигини тан олган ҳолда, фақат адолат ва ҳақиқатни талаб қилмоқда. У шубҳали ҳолатларга ойдинлик киритиш учун ишни қайта тергов қилишни сўрамоқда.

Эффеcт.уз таҳририяти ушбу ҳолат юзасидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганишда давом этади. Шунингдек, Жиззах вилояти прокуратураси ва бошқа масъул идоралардан расмий муносабат олиш ишлари олиб борилмоқда.

Журналист: Холида Йўлдошева
Оператор: Маҳмуд Намозов
Монтаж устаси: Беҳруз Шоимқулов

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

“Ўғлим ўлмади, уни ўлдиришди” — Марҳум прокурорнинг онаси Зоминдаги ҳалокат бўйича қайта тергов талаб қилмоқда | Effect.uz