Ўзбекистон

Навоийда йирик инвестиция лойиҳалари: Хорижий ҳамкорлар билан онлайн мулоқот ўтказилди

Administrator17-октябр, 2026, 09:2219 кўришлар
Навоийда йирик инвестиция лойиҳалари: Хорижий ҳамкорлар билан онлайн мулоқот ўтказилди

Мулоқотлар давомида асосий эътибор инвестиция лойиҳаларининг амалдаги ижроси, инвесторларни қийнаётган масалаларга тезкор ечим топиш ва қурилиш-монтаж ишларини жадаллаштиришга қаратилди. Музокаралар якунида вилоятнинг турли ҳудудларида амалга оширилиши режалаштирилган бир қатор йирик лойиҳалар бўйича муҳим келишувларга эришилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хусусан, Учқудуқ туманида 240 миллион долларлик волфрам мажмуаси барпо этилади. «к-Тунгстен» МЧЖ хорижий корхонаси директори Керим Шекер билан мулоқотда волфрам қазиб олиш ва қайта ишлашга ихтисослашган замонавий корхона қурилиши кўриб чиқилди. Лойиҳа доирасида йилига 1 миллион тонна рудани қайта ишлаш ва 200 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Ушбу мақсадлар учун 3 200 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, айни пайтда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Кармана туманида эса тоғ-кон саноати учун махсус маҳсулотлар — портловчи моддалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. «75-махсус бошқармаси» МЧЖнинг хорижий ҳамкори Андрей Прокофев билан музокараларда таъкидланганидек, ҳозирда ажратилган ер майдонида текислаш ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш якунлангач, Европа давлатларидан юқори технологияли ва аниқ асбоб-ускуналар олиб келиши режалаштирилган.

Шунингдек, Конимех туманида йилига 20 минг тонна эмулсияли портловчи модда ва 10 миллион дона электрон детонатор ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Хитойнинг машҳур «Чина Полй Гроуп» компанияси вакили Ли Диянг билан «Индустриал Мининг Течнологй» корхонасини ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказилди. 400 дан ортиқ янги иш ўрни яратиладиган ушбу лойиҳа учун инвестор томонидан ер майдони танланган ва яқин кунларда қурилишга старт берилади.

Қизилтепа туманида эса "яшил саноат" йўналишида техник канопни чуқур қайта ишлаш йўлга қўйилади. «Ҳемпфарм ЖВ» қўшма корхонаси хорижий ҳамкори Паоло Де Анжелис ва бош директори Мирғулом Усманов билан мулоқотда канопдан тўқимачилик толаси, котонин, ДСП плиталари ва прессланган поддонлар ишлаб чиқариш муҳокама қилинди. Каноп толасини пахта билан бирга қайта ишлаб, тайёр тўқимачилик маҳсулотларини Европа бозорларига экспорт қилиш мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, «Янги Навоий» шаҳарчасининг иккинчи босқичи консепсияси Покистоннинг «Ҳабиб Рафееқ Энгинееринг (Привате) Лимитед» компанияси раҳбарияти билан муҳокама қилинди. Лойиҳа доирасида замонавий турар жойлар, бизнес марказлари, 150 хонали меҳмонхона, таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда марказий боғ барпо этилади.

Алоҳида эътиборли жиҳати, шаҳарча ҳудудида 5 минг талабага мўлжалланган Технология университети кампуси, ИоТ қурилмалари ва электромобил батареялари ишлаб чиқариш қувватлари, сунъий интеллект ва робототехника тадқиқот марказлари, ИТ-парк ҳамда дата-сентр барпо этилиши назарда тутилган. Бу орқали 11 мингтагача юқори технологик иш ўринлари яратилади. Музокаралар якунида молиялаштириш ва ҳужжатларни мувофиқлаштириш учун хорижий ҳамкорлар ва маҳаллий масъуллардан иборат қўшма ишчи гуруҳ тузилди.

Ушбу йирик ва истиқболли ташаббусларнинг амалга оширилиши Навоий вилоятида мутлақо янги саноат йўналишларини шакллантириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, экспорт салоҳиятини кескин ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Навоийда йирик инвестиция лойиҳалари: Хорижий ҳамкорлар билан онлайн мулоқот ўтказилди | Effect.uz