Ўзбекистон

Намангандаги фожиа: жамиятни ларзага солган воқеа ва ўлим жазоси ҳақидаги баҳс

Administrator27-сентябр, 2026, 16:51194 кўришлар
Намангандаги фожиа: жамиятни ларзага солган воқеа ва ўлим жазоси ҳақидаги баҳс

Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотида беш ёшли қизга нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик жамоатчиликда катта резонанс уйғотди.

Ҳодиса ортидан нафақат жиноятни содир этган шахснинг жазоси, балки бундай ҳолатга йўл қўйган масъулларнинг жавобгарлиги, болалар хавфсизлиги ва ҳатто Ўзбекистонда ўлим жазосини қайтариш масаласи ҳам муҳокамага чиқди.

Биринчи расмий муносабат 22-сентябрда берилди

Ҳодиса юзасидан биринчи расмий муносабат 22-сентябр куни Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан берилди.

Бошқарма маълум қилишича, Учқўрғон туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотида юз берган ҳолат бўйича гумонланувчи процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Туман Ички ишлар бўлими томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилган.

Ҳолат вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг шахсий назоратига олинган.

Иш Бош прокуратура назоратига ўтказилди

Кейинроқ Бош прокуратура жиноят иши Жиноят кодексининг 118 ва 112-моддалари билан қўзғатилганини маълум қилди.

Иш Наманган вилояти прокуратурасига ўтказилиб, тергов Бош прокурорнинг шахсий назоратига олинган.

Прокуратура жиноятга алоқадор бўлган шахслар, ҳолатни яшириш ёки масъулларнинг ҳаракацизлиги билан боғлиқ ҳар бир ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини билдирган.

Шу билан бирга, ҳозирча тергов давом этаётгани сабабли жиноятнинг барча тафсилотлари ва масъул шахслар доираси якуний аниқланган, деб айтишга эрта.

Болалар омбудсмани ҳам тақдимнома киритди

22-сентябр куни Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган. Унда хизмат текширувини танқидий қайта кўриб чиқиш, масъул ходимларнинг жавобгарлиги масаласини ҳал этиш, болалар хавфсизлигига таҳдид солувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш сўралган.

Шунингдек, барча мактабгача таълим ташкилотларида хавфсизлик чораларини кучайтириш, ходимларнинг вазифаларини бажариши бўйича мақсадли текширувлар ўтказиш ва ички назорат механизмларини қайта кўриб чиқиш таклиф қилинган.

Вазирликка натижалар ҳақида 15 кун муддатда ҳужжатлар нусхалари билан ахборот бериш вазифаси юклатилган.

Оилага ёрдам кўрсатилмоқда

Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги раҳбарияти ҳам жабрланган қиз ва унинг онаси билан иш олиб борилаётганини маълум қилди.

Мутахассис ва психологлар оилага ёрдам бермоқда. Оилани бошқа шаҳарга кўчириш, уй-жой ва реабилитация билан таъминлаш, онасига таълим олиш ва иш масаласида кўмаклашиш режалаштирилган.

Зарур ҳолларда оиланинг фамилиясини ўзгартириш ва хавфсиз муҳитда янги ҳаёт бошлаши учун шароит яратиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.

Ўлим жазоси ҳақидаги баҳс қаердан бошланди?

Намангандаги фожиа жамоатчиликда катта ғазаб уйғотди. Айниқса, гап бола ҳақида кетгани учун ижтимоий тармоқларда энг оғир жазони қўллаш талаблари кучайди.

Бу масалани биринчи бўлиб юқори даражада очиқ кўтарганлардан бири Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бўлди.

У ўз муносабатида бундай ваҳший жиноятлар учун, унинг фикрича, ўлим жазоси қўлланилиши керак, деган позицияни билдирди.

Бироқ Саида Мирзиёева амалдаги қонунчиликда бундай жазо мавжуд эмаслигини ҳам таъкидлади. У жиноятчи қонун доирасидаги энг оғир жазога тортилиши, шунингдек, болани асрай олмаган масъулларнинг ҳам жавобгарлиги таъминланиши кераклигини айтди.

У бундай жиноятлар учун жавобгарликни максимал даражада кучайтириш мақсадида қонунчиликка ўзгартиш киритиш бўйича таклиф тайёрланаётганини ҳам маълум қилди.

Демак, бу баёнот ўлим жазоси Ўзбекистонда қайта жорий этилганини англатмайди. Гап Саида Мирзиёеванинг мазкур жазо бўйича билдирган позицияси ва қонунчиликни ўзгартириш бўйича таклиф тайёрланаётгани ҳақида кетмоқда.

Алишер Қодиров ҳам ўз позициясини билдирди

Шундан сўнг “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров ҳам ўлим жазоси масаласида ўз муносабатини билдирди.

У ўлим жазосини зарурат деб атаб, айниқса болаларга нисбатан оғир жиноят содир этган шахслар масаласида бундай жазони қўллаш зарурлигини таъкидлади.

Қодиров, шунингдек, бундай шахсларнинг жамиятга қайта олиб келиниши билан боғлиқ хавфлар ҳақида фикр билдирган.

Шундай қилиб, Намангандаги фожиа ортидан ўлим жазоси масаласи давлат ва жамоатчилик муҳокамасининг алоҳида мавзусига айланди.

Аммо амалдаги қонун нима дейди?

Ўзбекистон Конституциясининг 25-моддасида аниқ ёзилган:

“Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади”.

Шунинг учун бугунги кунда ўлим жазоси Ўзбекистонда амалдаги жазо тури эмас. Уни жорий этиш масаласи эса қонунчиликка тегишли ўзгартиш киритишни талаб қилади.

Адвокат Зафарбек Солижонов ҳам айнан шу мавзуга муносабат билдириб, Саида Мирзиёеванинг баёноти, ўлим жазосининг ҳуқуқий мақоми ва уни қайтариш масаласи юзасидан ўз қарашларини баён қилди.

Хоразмдаги ишни ҳам эслаш керак

Ўлим жазосини қайтариш ҳақидаги баҳсда яна бир муҳим масала бор: жазонинг оғирлиги билан бирга, унинг қандай қўлланиши ва адолатлилиги ҳам муҳим.

Хоразмдаги воқеа бунга мисол сифатида тилга олинмоқда. Оилавий болалар уйи раҳбари бир неча ой давомида вояга етмаган, 15–17 ёшли қизларни икки амалдорга топшириб келгани ҳақида жиноят иши очиқланган. Улардан бири вилоят Адлия бошқармаси раҳбари, шу билан бирга одам савдосига қарши курашиш бўйича комиссия аъзоси бўлган. Иккинчиси эса туман фавқулодда вазиятлар бўлимини бошқарган.

Суд жараёни ёпиқ ўтказилган ва амалдорларга 1-йил 6 ойдан озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Апелляция инстансияси ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган. Кейинчалик иш жамоатчиликка маълум бўлиб, қайта кўриб чиқиш масаласи кўтарилган.

Бу ишни Намангандаги ҳолат билан айнанлаштириш мумкин эмас. Жиноятлар ва уларнинг ҳуқуқий квалификацияси турлича.

Бироқ у муҳим саволни ўртага қўяди:

Қонун энг оғир жиноятлар содир этилганда ҳаммага бир хил ишлаяптими?

Наманганлик қизчанинг онаси бор ва у фарзанди учун курашмоқда. Хоразмдаги қизлар эса давлат қарамоғидаги етимлар эди. Шунинг учун болаларни ҳимоя қилиш масаласи фақат жазони оғирлаштириш билан ҳал бўлмайди.

Қайтариб бўлмайдиган жазо масаласи

Ўлим жазоси бўйича баҳсда яна бир муҳим жиҳат бор.

Суд хатоси эҳтимоли ҳар қандай ҳуқуқий тизимда мавжуд. Нотўғри ҳукм қилинган инсон кейинчалик оқланиши ва озод қилиниши мумкин. Аммо қатл этилган инсонни қайтариб бўлмайди.

Шунингдек, болага нисбатан оғир жиноят учун ўлим жазоси белгиланиши жиноятчининг жабрланувчини тирик қолдиришдан манфаатдорлигини камайтириши мумкинми, деган савол ҳам ҳуқуқшунослар ва криминологлар томонидан муҳокама қилинади.

Шу маънода, муаллифи номаълум бир иборада айтилган фикр диққатга сазовор:

“Қотилни ўлдириб, қотиллар сонини камайтирмаймиз”.

Болаларни қандай ҳимоя қилиш керак?

Бу ерда масала фақат жазонинг оғирлигида эмас. Жиноятнинг муқаррар равишда аниқланиши, терговнинг холислиги, суднинг адолатлилиги, масъулларнинг ҳаракацизлиги учун жавобгарлик, болалар билан ишлайдиган ходимларни текшириш ва таълим муассасаларида ички назоратни кучайтириш ҳам бирдек муҳим.

Айниқса, мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлиги бўйича назорат механизмларини қайта кўриб чиқиш зарурлиги Намангандаги воқеадан кейин яна бир бор кўринмоқда.

Таълим муассасаларининг ҳар бир ҳудудини видеокузатув билан қамраб олиш, камералар ишини доимий назорат қилиш ва ёзувларни сақлаш тартибини кучайтириш масаласини ҳам жиддий кўриб чиқиш мумкин.

Чунки болани ҳақиқий ҳимоя қилиш — фақат жиноят содир бўлгандан кейин энг оғир жазони қўллаш эмас.

Энг муҳими — жиноят содир бўлишига йўл қўймаслик ва содир этилган жиноят учун қонуннинг ҳаммага бир хил ишлашини таъминлаш.

Намангандаги иш бўйича эса тергов натижаси, жиноятнинг барча ҳолатларига ҳуқуқий баҳо берилиши ва масъул шахсларнинг ҳаракатлари юзасидан қандай қарор қабул қилиниши ҳали олдинда.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Намангандаги фожиа: жамиятни ларзага солган воқеа ва ўлим жазоси ҳақидаги баҳс | Effect.uz