Ўзбекистон

“Мени ҳам тушунинглар” – Реал Санжик суди тугаш арафасида

Administrator28-сентябр, 2026, 19:34202 кўришлар

Судда прокурор 112-модда бўйича айбловни рад этиб бўлмаслигини билдирди.

Бугун, 28-сентябр куни Санжар Каримовга оид жиноят иши бўйича суд мажлисида тарафларнинг музокара нутқлари тингланди. Жараёнда прокурор иш материалларидаги аудиоёзувлар ҳамда Жиноят кодексининг 112-моддаси — “Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш” бўйича ўз позициясини билдирди.

Прокурорнинг таъкидлашича, Санжар Каримовга 112-модда бўйича қўйилган айбловни рад этиб бўлмайди. Бу ҳақда ЭФФЕCТ.УЗ журналисти хабар берди.

Судда якуний музокара учун сўз берилган Санжар Каримов ишдаги бир қатор эпизодларга муносабат билдирди. Хусусан, биринчи эпизодда тилга олинган уй масаласига тўхталиб, мазкур кўчмас мулк унга керак бўлмаганини, уйни фақат берган пулларининг кафолати сифатида кўрганини айтди.

У Феруза Раҳматуллаева билан боғлиқ ҳолат юзасидан ҳам ўз фикрини билдирди. Каримов унга нисбатан айтган гапларини ҳиссиётга берилган ҳолда билдирганини, кейинчалик эса улар ўртасидаги муносабатлар яна яхшиланганини таъкидлади.

“Мен идеал эмасман, эмоционалман”, — деди у.

Шунингдек, Каримов Шаҳзод Рисматов билан пул олди-бердисига оид тилхатларни суд ҳайъатига тақдим қилди. Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳужжатлар Рисматов билан ўртасида молиявий муносабатлар бўлганини тасдиқлайди.

“Мениям тушунинглар, мен пул берганман-ку”, — деди Каримов суд ҳайъатига мурожаат қилиб.

Судланувчи иш материалларидаги аудиоёзувларга ҳам тўхталиб, уларни ўзига нисбатан “қопқон” қўйилганининг далили сифатида баҳолади. Унинг айтишича, Алимбоевалар унинг уйига бориб, Шаҳзод Рисматов қаердалигини сўраган ҳолатлар ҳам бўлган.

Учинчи эпизод бўйича ҳам Каримов ўз изоҳларини билдирди. Жумладан, тинтув жараёнига эътироз билдириб, унинг фикрича, тинтув вақтида эшиклар бузилган ва процессуал ҳаракатлар белгиланган тартибда амалга оширилмаган.

Каримов суд ҳайъатига ДНК экспертизасига оид ҳужжатлар ва намуналар билан боғлиқ материалларни ҳам кўрсатиб, уларга эътибор қаратишни сўради.

Музокара нутқи давомида судланувчи қамоқда ўтказган даври ва бу вақт мобайнида ҳаётида юз берган ўзгаришлар ҳақида ҳам гапирди.

Каримов қамоқдаги ҳаётини ҳеч кимга раво кўрмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, 10 ой давомида 17 килограмм вазн йўқотган.

Шунингдек, у қамоқда бўлган даврида тадбиркорлик фаолияти ҳам жиддий зарар кўрганини билдирди. Каримовнинг айтишича, аввал унинг корхоналарида минглаб одамлар меҳнат қилган бўлса, ҳозир ишчилар сони 800 нафаргача камайган.

Суд мажлиси 7-октябр кунига қолдирилди. Суд жараёнининг чўзилиши иш материалларини ҳар томонлама ва обектив ўрганиш зарурати билан изоҳланди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

“Мени ҳам тушунинглар” – Реал Санжик суди тугаш арафасида | Effect.uz