Ўзбекистон

“Мана шундай микрофони бор (журналист) лар олдимга кирмасин” — Хоразм прокурори яна ОАВга “қайноқ” муносабатини кўрсатди

Administrator12-сентябр, 2026, 01:45216 кўришлар

Хоразм вилояти прокурори Муроджон Аҳмедов Эффеcт.уз мухбири Муҳаммадали Қазоқовга нисбатан жамоат жойида билдирган муносабати билан яна баҳсларга сабаб бўлди.

Прокурор журналистнинг қўлидаги микрофонни назарда тутиб, “мана шундай микрофони борлар қабулга кирмасин”, деган мазмунда фикр билдириб, уни камситишга уринган. Эътиборлиси, бу прокурорнинг Эффеcт.уз ва унинг журналистларига муносабати билан боғлиқ биринчи баҳсли ҳолат эмас.

Аввалроқ Муроджон Аҳмедов Эффеcт.уз раҳбари Акмал Эшонхонов билан ҳам тортишган. Ўшанда прокурор Эшонхоновга “оғайни” дея мурожаат қилган ва унга фуқаронинг мурожаати юзасидан “адвокатимисиз?” мазмунида савол берган.

Эшонхонов эса прокурорга қонунлар ҳамма учун бир хил ишлаши кераклигини таъкидлаб, тортишувдан кўра, қонуний кучга кирган суд қарорининг ижросини таъминлаш муҳимлигини билдирган.

Президент Шавкат Мирзиёев бир неча бор ОАВ вакилларининг қонуний, холис ва адолатли фаолиятини қўллаб-қувватлаб, журналистларнинг эркин ишлаши учун шароит яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлаган.

Хусусан, давлат раҳбари 2023-йил феврал ойида Қашқадарё вилояти фаоллари билан учрашувда мамлакатда очиқлик ва ошкоралик сиёсати ортга қайтмаслигини билдирган.

Шу нуқтайи назардан, Хоразм вилояти прокурорининг журналистларга нисбатан “микрофони борлар қабулга кирмасин” деган мазмундаги муносабати жамоатчиликда савол уйғотиши табиий.

“Ҳамма айтади [ОАВларни] ёпиб қўй, деб. Йўқ, ёпмайман. Яна олдингидай прокурор, СНБ (МХХ) текширувчи бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими? Шунинг учун эркинлик нафаси, оммавий ахборот воситаларини дўст билишимиз керак”, — деган эди Президент.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

“Мана шундай микрофони бор (журналист) лар олдимга кирмасин” — Хоразм прокурори яна ОАВга “қайноқ” муносабатини кўрсатди | Effect.uz