Туркиянинг машҳур сайёҳлик масканларидан бири Кападокия ўзига хос қоялари, ғор меҳмонхоналари, ерости шаҳарлари ва тонг саҳардаги ҳаво шари парвозлари билан халқаро ҳамда маҳаллий сайёҳларни ўзига жалб этиб келмоқда. 2025-йилнинг ўзида ҳудудга 4,5 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди. Бу кўрсаткич Кападокиянинг Туркиядаги етакчи маданий туризм йўналишларидан бири сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлади.
Кападокия нафақат табиий манзаралари, балки маҳаллий анъаналари ва туризм билан боғлиқ турли тажрибалари билан ҳам эътибор қозонади. Ҳудуднинг водийлари ва ўзига хос табиий манзараларини яқиндан ҳис этишнинг энг оммалашган усулларидан бири — от сайридир.
Тарихда “гўзал отлар ўлкаси” деб аталган Кападокияда отчилик маданияти алоҳида ўрин тутади. Ана шу меросни тарғиб этишга қаратилган “ИИ Кападокия от ва отчилик маданияти” фестивали 2026-йил 3–5-июл кунлари Гўреме фестивал майдонида бўлиб ўтади. Уч кун давом этадиган фестивал дастуридан анъанавий ва замонавий от томошалари, Туркия ҳамда хорижий мамлакатлардан келган иштирокчилар чиқишлари, от устида камондан ўқ отиш, отлиқ намойишлар ва анъанавий пойга мусобақалари ўрин олган.
Фестивал дастури отлиқ намойишлар билан чекланиб қолмайди. Тадбир давомида кўргазмалар, маърузалар ва панел муҳокамалари ташкил этилиб, уларда турли сивилизацияларда отчилик маданиятининг шаклланиши ва ривожланиш жараёнлари ёритилади.
Фестивал меҳмонлари тадбир давомида Невшеҳир ошхонасининг ўзига хос таъмлари билан ҳам танишади. Невшеҳир гастрономияси Мичелин ГУИДЕ рўйхатига киритилгач, халқаро миқёсда янада кенг танила бошлади. Маданият, тарихий мерос, гастрономия ва бетакрор манзараларни уйғунлаштирган фестивал ҳудуднинг асл руҳини яқиндан ҳис этиш имонини беради.
Дастурдан болалар учун ўйин ҳудудлари, ташриф буюрувчилар учун йўриқнома асосидаги от сайрлари, жирит каби анъанавий отлиқ намойишлар ҳамда отлар гўзаллик танловлари ҳам жой олган. Кападокиянинг ўзига хос табиий манзаралари фонида ўтказиладиган консертлар ва жонли чиқишлар фестивал муҳитига маданий ранг-баранглик бағишлайди.




