Вилоятда пахта теримини механизациялаштириш даражаси 98,5 фоизга етди. Бу республика ҳудудлари орасидаги энг юқори кўрсаткичдир.
2026-йилги пахта мавсумида Ўзбекистонда ҳосилни замонавий техника ёрдамида йиғиб-териб олиш кўлами сезиларли даражада ошди. 22-октябр ҳолатига кўра, мамлакат бўйича 4 миллион 630 минг тонна пахта йиғиб олинган бўлиб, бу белгиланган режанинг 103 фоизини ташкил этди.
Бу жараёнда Жиззах вилояти механизациялаштириш даражаси бўйича республикада энг юқори натижани қайд этди. Вилоятда пахта ҳосилининг 98,5 фоизи замонавий пахта териш машиналари ёрдамида йиғиб олинган.
Ҳудудлар кесимида Сирдарё вилоятида мазкур кўрсаткич 94,2 фоизни, Тошкент вилоятида эса 81,2 фоизни ташкил этган. Шу тариқа, Жиззах Сирдарёдан 4,3 фоиз банд, Тошкент вилоятидан эса 17,3 фоиз банд юқори натижа кўрсатган.
Мамлакат бўйича йиғиб олинган пахтанинг 3 миллион 515 минг 597 тоннаси қарийб 3 мингта замонавий пахта териш машинаси ёрдамида терилган.
Мутахассислар фикрича, терим жараёнини механизациялаштириш ҳосилни қисқа муддатда йиғиб олиш, қўл меҳнатига бўлган эҳтиёжни камайтириш ва мавжуд меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини беради.
Айни пайтда пахта далаларида терим ишлари давом этмоқда. Асосий вазифа — етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш ва мавсумни юқори натижалар билан якунлаш.
Жиззах вилоятидаги 98,5 фоизлик кўрсаткич эса пахтачиликда замонавий қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш бўйича республикадаги энг юқори натижа сифатида қайд этилмоқда.
Бу, аввало, вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев ташаббуси ва раҳбарлигида қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш, замонавий техникалардан самарали фойдаланиш ҳамда пахта теримини юқори савияда ташкил этишга қаратилаётган эътиборнинг амалий натижаси сифатида баҳоланмоқда.




