Жаҳон

Исроил армияси Ливан жанубида чекланган қуруқлик операциясини бошлади

Abror Eshonxonov16-март, 2026, 16:48133 кўришлар
Исроил армияси Ливан жанубида чекланган қуруқлик операциясини бошлади

Исроил армияси Ливан жанубида чекланган қуруқлик операциясини бошлаганини маълум қилди. Бу ҳақда армиянинг араб тилида сўзловчи расмий вакили Авихай Адраи баёнот берди.

Унинг айтишича, 91-дивизия сўнгги кунларда Ливан жанубидаги айрим муҳим нуқталарда чекланган ҳарбий ҳаракатларни бошлаган.

“91-дивизия кучлари сўнгги кунларда жанубий Ливандаги асосий позицияларга қарши чекланган қуруқлик амалиётини бошлади. Бу операция илғор мудофаа ҳудудини кенгайтириш мақсадида амалга оширилмоқда”, — деб ёзди Адраи Х ижтимоий тармоғида.

Унинг сўзларига кўра, операция доирасида “террорчилик инфратузилмаси”ни йўқ қилиш ва бу ҳудудда фаолият юритаётган жангчиларни йўқ қилиш режалаштирилган. Бу орқали Исроил шимолидаги аҳоли хавфсизлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Адраининг таъкидлашича, қуруқлик операцияси бошланишидан олдин артиллерия ва ҳарбий-ҳаво кучлари Ливан жанубидаги бир қатор нишонларга зарба берган.

Шу билан бирга, дивизия кучлари ҳужум операциялари билан бир қаторда Галилея ҳудудидаги аҳоли пунктларини ҳимоя қилиш вазифасини ҳам бажармоқда.

Бунга жавобан “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати якшанба куни Исроил армиясига қарши 25 та ҳарбий операция ўтказганини маълум қилди. Уларнинг 12 таси Ливан ҳудудида амалга оширилган.

Шунингдек, Исроил қўшинларининг 9 та илгарилаш уриниши қайтарилгани, ракета ва дронлар ёрдамида 5 та ҳарбий базага ҳужум қилингани маълум қилинди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Исроил армияси Ливан жанубида чекланган қуруқлик операциясини бошлади | Effect.uz