Сиёсат

Ислом сивилизацияси маркази ярим миллион меҳмонни қабул қилди, янги халқаро лойиҳалар бошланади

Administrator10-июн, 2026, 21:20116 кўришлар
Ислом сивилизацияси маркази ярим миллион меҳмонни қабул қилди, янги халқаро лойиҳалар бошланади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази фаолияти натижалари ва уни янада ривожлантириш режалари юзасидан тақдимот билан танишди.

Қайд этилишича, жорий йил 17-март куни расман иш бошлаган марказ қисқа муддат ичида йирик илмий-маърифий платформага айланди. 1-июн ҳолатига кўра, мажмуага ярим миллион нафар маҳаллий ва хорижий меҳмон ташриф буюрган. Кунлик ташриф буюрувчилар сони ўртача 6 минг нафарга етган.

Шу давр мобайнида марказ 150 дан ортиқ хорижий делегация ва 2 мингдан зиёд хорижий меҳмонни қабул қилди. Мажмуа таркибида Болалар музейи ташкил этилиб, Имом Бухорий инновацион музейи фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам шу ерда жойлаштирилди.

Илмий ва инновацион йўналишда 810 та лойиҳа амалга оширилиб, уларда қарийб 2 минг нафар маҳаллий ва хорижий олим иштирок этди. Марказда конференсиялар, семинарлар ва китоб тақдимотлари ўтказилиб, уларга 5 мингдан ортиқ иштирокчи жалб қилинди.

Маданий меросни тиклаш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Мингдан ортиқ тарихий артефакт Ўзбекистонга қайтарилди. Марказ кутубхона фонди 3 мингдан зиёд ноёб нашр билан бойитилди, уларнинг 762 таси имконияти чекланган шахслар учун мўлжалланган.

Мажмуада замонавий технологиялар кенг жорий этилиб, робот-гидлар, мултимедиа ва интерактив қурилмалар ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатмоқда.

Шунингдек, марказ “Дунёнинг энг йирик ислом сивилизацияси музейи” сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.

Тақдимотда марказ фаолиятини янада ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, илмий журнални Сcопус ва Wеб оф Сcиенcе базаларига киритиш, қўлёзмаларнинг рақамли каталогини яратиш ҳамда илмий марказларнинг ягона платформасини шакллантириш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, “Ислом маърифати” стипендиясини жорий этиш, дунёга машҳур олимлар иштирокидаги тақдимотлар ташкил этиш ва 20 минг нафар ёшларни марказ фаолиятига жалб қилиш кўзда тутилган.

Маданий меросни қайтариш бўйича жаҳон ауксионлари, музейлар ва хусусий коллексияларда сақланаётган Ўзбекистонга оид ноёб экспонатларни излаш ва Ватанга қайтаришнинг доимий механизмини яратиш вазифаси белгиланди.

Шунингдек, Ню-Ёрк, Женева ва Париждаги халқаро майдонларда махсус тақдимотлар ўтказиш, Ислом сивилизациясига бағишланган халқаро форум ташкил этиш ҳамда марказ тақдимотларини 55 давлатда ўтказиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари Ислом сивилизацияси маркази Янги Ўзбекистоннинг маънавий юксалиши ва халқимизнинг бой маданий меросини дунёга намойиш этувчи муҳим масканга айланиши зарурлигини таъкидлаб, мутасаддиларга қатор топшириқлар берди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ислом сивилизацияси маркази ярим миллион меҳмонни қабул қилди, янги халқаро лойиҳалар бошланади | Effect.uz