Ўзбекистон

Ислом сивилизацияси маркази халқаро эътирофда

Administrator2-апрел, 2026, 19:0090 кўришлар
Ислом сивилизацияси маркази халқаро эътирофда

Дунёнинг энг гўзал музейларидан бири дея таърифланган Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси марказига ташриф буюрган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби Шайха Носир Ал Новайс бошчилигидаги делегация экспозициялар ва Қуръони Карим зали билан танишиб, Президент Шавкат Мирзиёев ғояси билан барпо этилган маърифий маданий масканнинг мазмун-мундарижа ва бадиий ечимларини юқори баҳоладилар.

Ташриф давомида музейнинг Исломдан аввалги давр экспозициясида Қўйқирилган қалъа макети делегация аъзоларида чуқур таассурот уйғотди. ИИ–ВИ асрларга мансуб ушбу ёдгорлик ўз даврида нафақат аҳоли манзилгоҳи, балки обсерватория вазифасини ҳам бажаргани билан аҳамиятлидир.

Далварзинтепадан топилган шахмат доналари эса экспозициянинг энг эътиборга молик намуналаридан бири сифатида баҳоланди. Мазкур топилмалар дунёдаги энг қадимги шахмат намуналаридан бири бўлиб, Ҳиндистонда аниқланган шунга ўхшаш топилмалардан қарийб тўрт аср олдин яратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Биринчи Ренессанс даври экспозициясида меҳмонлар эътиборини Пайғамбаримиз томонидан ўша давр дунё ҳукмдорларига йўлланган мактублар тортди. Экспозицияда ушбу мактубларнинг беш нусхаси намойиш этилган бўлиб, уларда акс этган дипломатик ёндашув ва мазмуний теранлик алоҳида қизиқиш билан қарши олинди.

Экспозиция билан танишув жараёнида, хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ томонидан ҳурматли меҳмонга Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг араб ҳукмдорларидан бири — Мунзир ибн Савига йўллаган мактуби нусхаси эсдалик совға сифатида топширилди.

Марказнинг юраги ҳисобланган Қуръони Карим залида делегация мусулмон оламининг бебаҳо дурдонаси – ВИИ асрда кўчирилган Усмон мусъҳафи билан яқиндан танишди. Ушбу ноёб Қуръон нусхаси 1989-йилдан 2025-йилгача Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Мўйи муборак мадрасасида бўлган. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мазкур ноёб мусъҳаф 2025-йил 13-ноябр куни Ислом сивилизацияси марказининг Қуръони карим залига олиб келинган. Меҳмонлар ушбу муқаддас ёдгорликни билан бирга замонавий меппинг-шоуни ҳам томоша қилишди.

Ушбу мажмуанинг ҳар бир жиҳати давлат раҳбарининг ташаббуси ва бевосита эътибори асосида амалга оширилгани алоҳида эътироф этилди.

Шайха Носир Ал Новайс, Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби:

– Аввало, Ўзбекистонга расмий ташриф буюришдан жуда мамнунман. Бу менинг Бош котиб сифатида лавозимни эгаллаганимдан бери илк расмий ташрифим ва Ислом сивилизацияси марказига ташриф буюриш имконияти учун жуда хурсандман. Биламанки, бу марказ яқинда очилган ва мен сизларни бешта турли сивилизация ҳақида гўзал ҳикоя тақдим этганингиз билан табриклайман.

Бу келажак авлодни турли сивилизациялар билан таништиришда ажойиб усул ва ҳикояларнинг замонавий технологиялар, шу жумладан иммерсив санъат орқали тақдим этилгани жуда таъсирли. Мен бу каби ёндашувни аввал кўрмаганман.

Яна бир бор табриклайман, менимча бу Марказ Ўзбекистон ва Тошкент учун катта аҳамиятга эга рамзий жой бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, бу Марказ туризмни ҳам ривожлантиришга, айниқса маданият ва мерос ҳақида кўпроқ билмоқчи бўлган сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилади.

Аввало, мен уни Ислом сивилизацияси маркази маданий музейини яратиши билан табриклайман. Бу Ўзбекистондаги тарихий, анъанавий ва маданий диққатга сазовор жойларга ажойиб қўшимча бўлди. Туризмда ривожланиш учун мустаҳкам асос зарур ва бунга эътибор қаратилгани ҳурматга лойиқдир.

Иккинчидан, 90 дан ортиқ давлатлар учун визаларни осонлаштириш — миллий иқтисодиётда туризмнинг аҳамиятини кўрсатувчи яна бир муҳим кўрсаткичдир.

Делегация аъзолари Фахрий меҳмонлар китобига ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб қолдирдилар. Жумладан, улар шундай деб қайд этдилар: “Мен Ўзбекистон раҳбарияти ва халқини ана шундай ажойиб музей бунёд этилгани билан самимий табриклайман. Бу маскан асрлар давомида яшаб қолади ва келажак авлодларни ватанингиз тарихи, аждодлар яратган сивилизациялар билан таништирувчи муҳим маскан бўлиб хизмат қилади”. Шунингдек, делегация Марказнинг илмий, маънавий ва маданий аҳамиятини юксак баҳолади.

Ташриф якунида Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов мартабали меҳмонга 1510-йилда Ҳиротда кўчирилган Ҳусайн Бойқаро девонининг факсимил нусхасини марказ номидан совға қилди. Китобдан буюк темурий ҳукмдор Ҳусайн Бойқаронинг туркий тилдаги ғазаллари, шунингдек, Камолиддин Беҳзод томонидан ишланган 4 та нодир миниатюра ўрин олган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ислом сивилизацияси маркази халқаро эътирофда | Effect.uz