“БЕЛРОССАВДО” МЧЖ вакили Аюбхон Хўжаевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги прокуратура илтимосномаси 15-август куни Юнусобод туман судида кўриб чиқилди. Суд прокуратуранинг илтимосномасини қаноатлантирмади ва Хўжаевга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллашни рад этди. Суд ҳужжати судя Бекзод Бахринов томонидан имзоланган.

Мазкур иш бўйича таҳририятимизга “БЕЛРОССАВДО” МЧЖ вакили мурожаат қилди. Тақдим этилган ҳужжатлар эса воқеалар занжири оддий бир жиноят ишидан кўра, аввал иқтисодий судда кўрилган низо кейинчалик жиноят ишига айлангани ва охир-оқибат компания вакилига нисбатан қамоқ масаласигача бориб етганини кўрсатмоқда.
Аввалига иқтисодий судда нима бўлган?
Низонинг илдизи “БЕЛРОССАВДО” ва “ГЛАВГИДРОСПЕЦ СТРОЙ” МЧЖлар ўртасидаги шартномавий муносабатларга бориб тақалади. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2024-йил 27-февралдаги ҳал қилув қарори билан “ГЛАВГИДРОСПЕЦ СТРОЙ” МЧЖдан “БЕЛРОССАВДО” МЧЖ фойдасига 2 млрд 52 млн 111 минг 205 сўм асосий қарз, 844,8 млн сўм телескопик стендлар қиймати, 150 млн сўм пеня ва бошқа маблағлар ундириш белгиланган.


Кейин кассация инстансияси телескопик стендлар қийматини 844,8 млн сўмдан 422,4 млн сўмга ўзгартирган, қарорнинг қолган қисми эса ўзгаришсиз қолдирилган. 2024-йил 30-июлда ижро варақалари берилган.



Яна иқтисодий суднинг ижро варақасига асосан ундирилиб, БЕЛРОССАВДО хисоб-рақамига пул маблағи тушурилган куннинг эртасига, яни орадан бир сутка ўтмасидан ҳисоб рақамига таъқиқ ўрнатилган. 2024-йил 5-сентябрдаги тафтиш инстансияси қарори билан кассация қарори ўзгаришсиз қолдирилган.


Шунингдек, 2026-йил 1-июндаги Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстансияси ажримида қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2024-йил 2-декабрдаги ажрими билан жавобгарнинг тафтиш тартибидаги шикоятини судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказиш рад этилган. Яъни низо бир эмас, бир нечта суд босқичидан ўтган.

Ижро ҳужжатлари асосида “БЕЛРОССАВДО” фойдасига 2 млрд 52 млн сўмдан ортиқ асосий қарз, 422,4 млн сўм телескопик стендлар қиймати ва 150 млн сўм пеняни ундириш белгиланган.
Иқтисодий низо жиноят ишига айланди
“БЕЛРОССАВДО” адвокатлари томонидан судга тақдим этилган ҳужжатда келтирилишича, жиноят иши “ГЛАВГИДРОСПЕЦ СТРОЙ” МЧЖ директори Муроткул Ашраповнинг 2025-йил 17-ноябрда Юнусобод тумани ИИО ФМБ бошлиғи номига йўллаган аризаси асосида қўзғатилган.
Ашраповнинг аризасида 2021-йил 5-мартда “БЕЛРОССАВДО” билан қурилиш инвентарларининг ижара шартномаси тузилгани, 2963 дона темир таянч етказиб берилгани ва кейинчалик ушбу таянчлар “БЕЛРОССАВДО”га қайтарилгани, аммо компания буни инкор қилиб, иқтисодий судга сохта маълумотлар тақдим этгани натижасида ўз фойдасига суд қарорини чиқартиргани ҳақида даъво қилинган.
Шу асосда “БЕЛРОССАВДО” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 168-модда (фирибгарлик) си 4-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Аммо бу ишнинг қўзғатилиши қонунийлигига кескин эътирозлар бор.
“Иқтисодий судда ҳужжатлар текширилган”
Хўжаевнинг судга тақдим этган илтимосномасида Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2024-йил 27-февралдаги қарори қабул қилинишидан олдин тарафлар тақдим этган ҳужжатларнинг қонунийлиги, ишончлилиги ва ишга алоқадорлиги суд муҳокамасида ўрганилганини таъкидлаган.

Хўжаев позициясига кўра, агар суд муҳокамаси жараёнида “БЕЛРОССАВДО” томонидан тақдим этилган ҳужжатларда қонунбузилиши ёки сохта маълумотлар аниқланганида, суд бу ҳолат бўйича алоҳида ажрим чиқариши мумкин эди.
Шунга қарамасдан, Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими “БЕЛРОССАВДО” томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганмаган ҳолда, ЖПКнинг 320², 329 ва 330-моддалари талабларига зид равишда, 2025-йил 17-декабрда жиноят иши қўзғатган.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ факт бўйича тадбиркорлик субектига нисбатан жиноят иши қўзғатилишида ЖПКнинг 331-моддасида белгиланган прокурор розилиги масаласи ҳам эътиборга молик.

Яъни, Тошкент шаҳар прокуратураси жиноят иши қўзғатиш учун асослар етарлилигини ўрганмаган ва иш “Юнусобод туман прокуратурасининг аралашуви билан”, “ГЛАВГИДРОСПЕЦ СТРОЙ” МЧЖ норасмий раҳбари сифатида кўрсатилган шахс манфаатлари йўлида қўзғатилган.
Жиноят иши тугатилган, кейин қайта тикланган
Мазкур ишдаги яна бир муҳим жиҳат — жиноят ишининг тақдири. Яна бир ҳужжатга кўра, “БЕЛРОССАВДО” МЧЖ вакили А.Хўжаев томонидан Тошкент шаҳар ИИББ ва Тошкент шаҳар прокуратурасига берилган шикоятлар асосида жиноят иши назорат тартибида қайта ўрганилган. Унинг натижасида ЖПКнинг 83-моддаси 2-банди асосида жиноят ишини тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган. Бироқ бу қарор шаҳар прокуратураси томонидан бекор қилинган.
Маълум қилинишича, иш бошқа тергов органига эмас, яна Юнусобод туман прокуратураси орқали Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлимига юборилган.

Шу ерда яна бир савол пайдо бўлади: агар жиноят иши назорат тартибида ўрганилиб, тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган бўлса, ушбу қарор нега бекор қилинди ва ишни қайта давом эттиришга айнан қандай асослар сабаб бўлди?
Қонунан ундирилган пулни қайтариш таклифи...
Яна бир ҳужжатда жиддий даъво келтирилган. Унга кўра, А. Хўжаевга Юнусобод туман прокуратураси номидан вакил келиб, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 4-1001-2304/81603-сонли ҳал қилув қарори асосида “БЕЛРОССАВДО” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилган 2 млрд 624 млн сўмдан 1 млрд 300 млн сўмни қайтариш таклифини билдирган. Аксинча, сумма бундан ҳам катта бўлиши мумкин.
Хўжаев ушбу таклифни рад этганини билдирган, шундан сўнг унга нисбатан руҳий босим ўтказилган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида илтимоснома киритилган.
Яна бошқа ҳужжатда жиддий даъво келтирилган. Унга кўра, А.Хўжаевга Юнусобод туман прокуратураси номидан вакил келиб, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 4-1001-2304/81603-сонли ҳал қилув қарори асосида “БЕЛРОССАВДО” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилган 2 млрд 624 млн сўмдан 1 млрд 300 млн сўмни қайтариш таклифини билдирган. Хўжаев ушбу таклифни рад этган, шундан сўнг унга нисбатан руҳий босим ўтказилгани ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида илтимоснома киритилган. Бу маълумотни прокуратура ёки тергов органларининг тасдиқлаши яъниким ушбу даъволарга муносабати иш бўйича муҳим ҳисобланади. Агар, муносабат бериш мумкин бўлса.
Ижро ҳаракатлари ҳам жиноят иши сабаб тўхтатилганми?
Эффеcт.уз ўрганган ҳужжатлардан кўринадики, иқтисодий суд қарори бўйича ижро жараёни ҳам давом этган. Мажбурий ижро бюросининг Бўстонлиқ туман бўлими иқтисодий суднинг 2024-йил 30-июлдаги ижро варақаси асосида иш юритувида ижро ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган.
Бироқ ижро жараёнида Юнусобод туман ички ишлар органлари томонидан олиб борилаётган жиноят иши доирасида 2026-йил 30-апрелда ижрони тўхтатиш ҳақида қарор тақдим этилган.
Бу ҳолат ҳам мазкур ишдаги энг муҳим саволлардан бирини юзага келтиради: қонуний кучга кирган иқтисодий суд қарорининг ижроси қайси ҳуқуқий асосда ва қай тартибда тўхтатилган? Хўжаев вакиллари прокуратуранинг суд қарори ижросини тўғридан-тўғри тўхтатиш ваколати йўқлигини айтади. Бу масалага ҳам якуний ҳуқуқий баҳо бериш тегишли идораларнинг позициясига киради.
Хўжаевни қамоққа олиш сўралди
2026-йил август ойига келиб иш янги босқичга кирган. Тергов органи А.Хўжаевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида судга илтимоснома киритган. Туман прокурори Яҳё Абдураҳмонов ҳам бу илтимосномага рози бўлган.

15-август куни Юнусобод туман суди ушбу масалани кўриб чиқди. Суд ажримидан кўринадики, Хўжаев Аюбхон Собитовичга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилган.

Илтимосномани Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг тергов судяси Бекзод Бахринов кўрган. Таъкидлаш керакки, суд ажримининг ўзида Хўжаевнинг ушлаб туриш муддати тугагани ҳам қайд этилган.

Шу тариқа, прокуратура томонидан сўралган энг оғир процессуал чоралардан бири — қамоққа олиш — суд томонидан қўлланмади.


Суд рад этган қамоқ масаласи ортида қандай саволлар бор?
Энди воқеалар занжирига бир бутун ҳолда қаралса, бир нечта муҳим савол пайдо бўлади.
Биринчидан, “БЕЛРОССАВДО” ва “ГЛАВГИДРОСПЕЦ СТРОЙ” ўртасидаги низо иқтисодий судда кўрилиб, бир нечта инстансиядан ўтганидан кейин нима учун жиноят ишига айланди?
Иккинчидан, иқтисодий суд муҳокамасида текширилган ҳужжатлар бўйича кейинчалик сохталик ёки бошқа жиноий ҳаракат аломатлари аниқланган бўлса, улар айнан қайси ҳужжат ва далиллар билан тасдиқланган?
Учинчидан, ЖПКнинг 83-моддаси 2-банди асосида тугатилгани айтилган жиноят иши қандай янги ёки қўшимча асослар билан қайта тикланди?
Тўртинчидан, ижрога қаратилган иқтисодий суд қарорининг ижросини тўхтатишга қайси ҳуқуқий механизм асос бўлган?
Ва, ниҳоят, нима сабабдан масала “БЕЛРОССАВДО” вакилига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллашгача бориб етди? Буларга прокуратура ва тергов органларининг расмий жавоби жуда муҳим. Айниқса, жиноят ишининг қўзғатилиши, аввал тугатилиши ва кейин қайта тикланиши, ижро ҳаракатларининг тўхтатилиши ҳамда Ходжаевга нисбатан қамоққа олиш масаласи кўтарилганига қандай ҳуқуқий асослар сабаб бўлгани прокуратура томонидан очиқланиши керак.Бу ишлар ортида аниқ непотизм ёки таниш-билиш ҳолати бор ёки йўқлигини текшириш эса айниқса энг муҳим қадамдир.
Президент фармони қабул қилинганидан бир кун ўтиб...
Бу воқеалар орасида яна бир эътиборли вақт уйғунлиги бор. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судлов — 2030” стратегияси тўғрисидаги Фармони 2026-йил 14-август куни қабул қилинган. Ҳужжатда суд тизими очиқлиги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва суд назоратини кучайтириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Фармоннинг 9-бандида 2027-йил 1-июлдан бошлаб “асосли гумон” — Прима Фаcие халқаро стандарти асосида тергов судясига процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳақидаги илтимосномаларни кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигини текшириш ваколатини бериш назарда тутилган. Шубҳа туғилса, қўшимча ҳужжатлар талаб қилиш имконияти ҳам белгиланган.
Эътиборлиси, Фармон 14-август куни қабул қилинган, Хўжаевга нисбатан қамоққа олиш масаласи эса 15-август куни судда кўрилган. Албатта, Юнусобод туман суди айнан ушбу Фармоннинг 9-бандига амал қилган, деб айтишга ҳали эрта. Чунки мазкур янги механизм Фармоннинг ўзига кўра 2027-йил 1-июлдан жорий этилади.
Бироқ вақт жиҳатидан бу ҳолат эътиборга молик: судга қадар босқичда шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва суд назоратини кучайтиришга қаратилган янги стандарт эълон қилинганидан бир кун ўтиб, суд прокуратуранинг қамоқ ҳақидаги илтимосномасини рад этди.
Прокуратура энди нима қилмоқчи?
15-августдаги ажрим билан иш якунлангани йўқ. Амалдаги процессуал тартибда қамоққа олиш масаласи бўйича суд ажрими устидан шикоят ёки протест бериш имконияти мавжуд. Олий суд Пленумининг тушунтиришларида бундай шикоят ёки протест апелляция инстансияси томонидан кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Шунинг учун эндиликда қизиқ савол:
Юнусобод туман прокуратураси 15-августдаги ажрим устидан апелляция шикояти ёки протести келтирадими?

Агар келтирса, Хўжаевни қамоққа олиш заруратини қандай далиллар билан асослайди?
Чунки ҳозирги ҳужжатлар занжирида қуйидаги ҳолатлар бир вақтнинг ўзида мавжуд:
иқтисодий судда низо кўрилган;
суд қарори қабул қилинган;
қарор бир нечта инстансиядан ўтган;
ижро варақаси берилган;
ижро ҳаракатлари бошланган, тўхтатилган;
шу низо асосида кейинчалик жиноят иши қўзғатилган;
жиноят иши назорат тартибида ўрганилиб, ЖПКнинг 83-моддаси 2-банди асосида тугатилган;
қарор кейин бекор қилинган;
ижро ҳаракатлари жиноят иши доирасида тўхтатилган;
Хўжаевга нисбатан қамоққа олиш сўралган;
аммо 15-август куни суд қамоққа олишни рад этган.
Энг асосий савол — нима учун?
Бу ишда масала фақат бир тадбиркорлик субекти ва унинг вакилига нисбатан жиноят иши қўзғатилганида эмас. Асосий савол — иқтисодий судда ҳал этилган ва ижрога қаратилган низо қандай қилиб жиноят ишига айланди?
Агар тергов органларида “БЕЛРОССАВДО” мансабдор шахсларининг жиноий ҳаракатларини тасдиқловчи етарли далиллар бўлса, улар иқтисодий судда кўрилган низодан нимаси билан фарқ қилади?
Агар жиноят иши ҳақиқатан ҳам иқтисодий судга сохта маълумот тақдим этилгани билан боғлиқ бўлса, қайси маълумот сохта экани ва бу қайси далиллар билан исботланган?
Ва энг муҳими — нега ишни тугатиш ҳақида қарор қабул қилинганидан кейин ҳам прокуратура ва тергов органлари бу ишда шунчалик қатъият билан ҳаракат қилишда давом этмоқда?
Эффеcт.уз прокуратура ва тергов органларининг ушбу саволларга расмий муносабатини олишга тайёр. Мазкур иш бўйича янги суд ҳужжатлари ва қарорлар қабул қилинса, уларни ҳам ўрганиб, жамоатчиликка тақдим этамиз.




