Ўзбекистон

“Илм билан иймон уйғунлашган замин”: Ўзбекистоннинг сивилизацион мероси эътироф этилди

Administrator8-июл, 2026, 20:5552 кўришлар
“Илм билан иймон уйғунлашган замин”: Ўзбекистоннинг сивилизацион мероси эътироф этилди

И Халқаро ислом сивилизацияси форумида сўзга чиққан Мусулмонлар Жаҳон Лигаси бош котиби Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса Ўзбекистон асрлар давомида ислом сивилизациясининг илм-фан, маърифат ва юксак ахлоқий қадриятларини шакллантирган энг муҳим марказлардан бири бўлиб келганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, форумнинг мусулмон меросининг порлоқ саҳифалари мужассам бўлган заминда ўтказилаётгани алоҳида рамзий аҳамият касб этади. Ўзбекистон нафақат бой тарихий меросга, балки бугунги кунда ҳам ушбу меросни асраб-авайлаш ва уни замонавий тараққиёт билан уйғунлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари билан халқаро ҳамжамият эътиборини қозонмоқда.

Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса Самарқандни Буюк Ипак йўлининг дурдонаси ва ислом меъморчилиги тараққиётининг муҳим марказларидан бири, Бухорони эса асрлар давомида мусулмон оламининг энг йирик илм масканларидан бири сифатида эътироф этди. Шунингдек, у бу замин буюк муҳаддис Имом Бухорий, шунингдек, кўплаб алломалар етишиб чиққан муқаддас диёр эканини алоҳида қайд этди.

Бош котибнинг таъкидлашича, ислом сивилизацияси илм-маърифат ва юксак ахлоқий қадриятлар асосида барпо этилган бўлиб, у инсониятга нафақат муҳташам меъморий обидалар, балки бой илмий, ҳуқуқий ва маънавий меросни ҳам тақдим этган. Шу боис бу сивилизациянинг ҳақиқий моҳиятини англаш ва унинг илмий меросини замонавий тараққиёт билан уйғунлаштириш бугунги кунда ҳам долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Нутқ давомида у Ўзбекистон ҳақидаги энг таъсирли фикрларидан бирини билдириб: «Биз яхши биламиз ва бундан мамнунмизки, Ўзбекистон харитадаги оддий давлат эмас. У ислом сивилизацияси китобига ёзилган энг ёруғ саҳифалардан биридир», дея таъкидлади.

Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса мамлакатимизда исломий, илмий ва маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда уни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам юксак баҳо берди. Хусусан, Тошкент шаҳридаги Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази ва Самарқандда барпо этилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси мусулмон оламининг энг йирик илмий-маърифий масканлари сифатида эътироф этилди.

Шунингдек, Марказда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини ўрганишга қаратилган тадқиқотлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон олами учун муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Нутқи якунида Мусулмонлар Жаҳон Лигаси бош котиби форум илм-маърифат, бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик ғояларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига, унда қабул қилинадиган ташаббуслар эса ислом сивилизациясининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини бутун дунёга кенг тарғиб этишига ишонч билдирди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

“Илм билан иймон уйғунлашган замин”: Ўзбекистоннинг сивилизацион мероси эътироф этилди | Effect.uz