Сиёсат

Ижтимоий тармоқ кучи: Президент интернетни кўради

Administrator13-март, 2026, 21:37331 кўришлар
Ижтимоий тармоқ кучи: Президент интернетни кўради

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида Сергели туманидаги кўприк билан боғлиқ ҳолат муҳокама қилинди.

13-март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш давомида пойтахтдаги бир ҳолат — Сергели туманида Салар канали устида жойлашган кўприк билан боғлиқ муаммо ҳам тилга олинди.

Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда мазкур кўприкнинг носоз ҳолати ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шундан сўнг ҳокимлик тезкор чора кўриб, қисқа вақт ичида ушбу ҳудудда янги кўприк ўрнатди.

Қайд этилишича, фуқаро январ ойида мактаб ўқувчиси ушбу каналга тушиб кетганини маълум қилиб, бузилган кўприкни таъмирлаш ёки қайта қуришни сўраган. Аммо икки ой давомида масъул идоралар томонидан масалага етарлича эътибор қаратилмаган ва мурожаатга юзаки жавоб берилган.

Муаммо ижтимоий тармоқларда тарқалганидан кейингина зарур маблағ ажратилиб, кўприк қуриб битказилгани таъкидланди.

Йиғилишда мурожаатлар билан ишлашдаги бундай камчиликлар фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилди.

Давлат раҳбарининг мазкур мисолга алоҳида тўхталиб ўтиши ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган масалалар ва аҳоли мурожаатлари тизимли равишда таҳлил қилиниб, юқори даражагача етказилаётганидан далолат беради.

Замонавий коммуникация воситалари бугунги кунда ислоҳотларнинг муҳим қисмига айланиб, жамоатчилик фикри давлат бошқарувида муҳим омил бўлиб бормоқда.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ижтимоий тармоқ кучи: Президент интернетни кўради | Effect.uz