Ўзбекистон

И Халқаро ислом сивилизацияси форуми Декларацияси қабул қилинди: глобал ҳамкорликнинг янги босқичи бошланди

Administrator9-июл, 2026, 10:0177 кўришлар
И Халқаро ислом сивилизацияси форуми Декларацияси қабул қилинди: глобал ҳамкорликнинг янги босқичи бошланди

Тошкент шаҳрида ўтказилган И Халқаро ислом сивилизацияси форуми ўз ишини муҳим халқаро аҳамиятга эга Декларациянинг қабул қилиниши билан якунлади. Форум иштирокчилари мазкур ҳужжат орқали ислом сивилизациясининг бой илмий, маданий ва маънавий меросини ўрганиш, асраш ҳамда кенг тарғиб этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиқлади.

Декларацияда 2017-йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ислом сивилизациясининг инсонпарварлик меросини тиклаш, илмий ўрганиш ва кенг тарғиб қилишга қаратилган тарихий ташаббус алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси марказининг ташкил этилиши ҳамда И Халқаро ислом сивилизацияси форумининг ўтказилиши мазкур йўналишда халқаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бергани қайд этилди.

Форум иштирокчилари тинчлик, бағрикенглик, маърифат, маданиятлараро ва динлараро мулоқот тамойилларига содиқлигини билдириб, ислом сивилизациясининг жаҳон илм-фани, таълим, санъат, меъморчилик ва маънавий тафаккур ривожига қўшган улкан ҳиссасини яна бир бор эътироф этди. Шу билан бирга, жаҳолат, экстремизм, ксенофобия, исломофобия ҳамда ислом мероси ҳақидаги нотўғри тасаввурларга қарши илмий-маърифий ёндашувни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Декларациянинг асосий қисми сифатида ислом сивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштиришга қаратилган ўнта глобал ташаббус илгари сурилди. Улар орасида Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази негизида Жаҳон Ислом сивилизацияси алянсини ташкил этиш, Ислом сивилизацияси меросининг Жаҳон рақамли реестрини яратиш, “Ислом сивилизацияси — бутун инсоният бойлиги” халқаро дастурини амалга ошириш, Халқаро Ислом сивилизацияси мукофотини таъсис этиш, Ислом сивилизациясини тадқиқ этиш халқаро жамғармасини ташкил қилиш ҳамда Ислом сивилизациясининг глобал рақамли кутубхонасини яратиш каби ташаббуслар ўрин олди.

Шунингдек, Ислом сивилизациясининг халқаро энсиклопедиясини тайёрлаш, мерос обектларининг ҳолати бўйича ҳар йиллик халқаро маъруза тизимини йўлга қўйиш, Ислом сивилизацияси бўйича халқаро ёшлар форумини ташкил этиш ҳамда Ислом маданияти, санъати ва сивилизацияси музейларининг халқаро иттифоқини тузиш таклифлари ҳам Декларацияда ўз аксини топди.

Ҳужжатга мувофиқ, форум доирасида сайланган Форумнинг Халқаро кенгаши доимий фаолият юритувчи мувофиқлаштирувчи орган сифатида фаолиятини давом эттиради. Кенгаш зиммасига форум давомида илгари сурилган ташаббус ва таклифларни умумлаштириш, улар асосида 2030-йилгача бўлган Қўшма ҳаракатларнинг халқаро йўл харитасини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш механизмларини шакллантириш вазифаси юклатилди.

Форум иштирокчилари давлатлар, халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар, университетлар, музейлар, кутубхоналар ва жамоат ташкилотларини мазкур ташаббусларни рўёбга чиқариш йўлида ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақирди. Таъкидланганидек, Декларация ислом сивилизациясининг бой меросини инсониятнинг умумий маданий ва интеллектуал бойлиги сифатида асраш, илмий ўрганиш ва келажак авлодларга етказишга хизмат қиладиган муҳим халқаро дастурий ҳужжат ҳисобланади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

И Халқаро ислом сивилизацияси форуми Декларацияси қабул қилинди: глобал ҳамкорликнинг янги босқичи бошланди | Effect.uz