Автоконсерн маълум қилишича, жорий молиявий йил якунида соф зарар 420 млрддан 690 млрд иенгача бўлиши кутилмоқда.
Бу эса аввалги прогноздан кескин фарқ қилади — илгарироқ компания 300 млрд иен фойда олишни кутаётган эди. Агар бу тасдиқланса, Ҳонда учун бу 1957-йилда биржага чиққанидан бери илк зарар бўлади. Молиявий натижаларнинг ёмонлашиши сабаб компания раҳбарияти ҳам маошни қисқартиришга рози бўлди.
Хусусан, бош директор ва вице-президент 2026 молиявий йилнинг апрелидан бошлаб уч ой давомида маошларини 30 фоизга қисқартиришга розилик берган. Шунингдек, жорий йил учун бонуслар тўланмайди.
Ҳонда Шимолий Америка бозори учун режалаштирилган учта электромобил моделини ишлаб чиқишни тўхтатишини маълум қилди. Компания бу қарорни электромобилларга талаб пасайиши билан изоҳлади.
Ҳонда президенти ва бош директори Тосихиро Мибе онлайн матбуот анжуманида шундай деди:
“Бугунги шароитда электромобиллар бўйича белгиланган мақсадларга эришиш қийин ва амалда деярли имконсиз”.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда электромобиллар ишлаб чиқариш ва сотиш режалари келажакда янада катта зарарларга олиб келиши мумкин.
2021-йилда Ҳонда 2040-йилгача бензинли автомобиллардан тўлиқ воз кечиб, барча моделларни электромобил ёки водород ёқилғисида ишловчи автомобилларга ўтказиш ниятини билдирган эди. Аммо сўнгги йилларда электромобиллар бозоридаги ўсиш суръати секинлашди.
Шу сабабли компания 2030-йилгача электромобиллар бўйича инвестицияларни 10 триллион иендан 7 триллион иенгача қисқартиришини маълум қилган.
Бу қарорга АҚШдаги юқори божлар ва дунё бўйлаб электромобилларга бўлган талабнинг пасайиши сабаб қилиб кўрсатилган.
Компания шунингдек, 2030-йилгача электромобиллар улушини умумий сотувларда 30 фоиздан 20 фоизгача туширди, аммо 2040-йилгача тўлиқ электр ва водород автомобилларига ўтиш мақсадини сақлаб қолган.
Автоконсерн маълум қилишича, янги стратегия доирасида 2027 молиявий йилдан бошлаб Шимолий Америка бозори учун янги моделлар ва бутун дунё бўйлаб янги авлод гибрид автомобиллари тақдим этилади.




