Ички ишлар вазирлиги тизимида аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва фуқаролар мурожаатларини самарали кўриб чиқиш мақсадида шахсий ва сайёр қабуллар ўтказилмоқда.
24-сентябр куни Ички ишлар вазири ўринбосари полковник – Рамазон Ашропов томонидан навбатдаги шахсий қабул ўтказилди.

Унда 138 нафар фуқаронинг 128 та мурожаати ўрганилди. Мурожаатларнинг 68 таси тергов ва суриштирув, 25 таси терговга қадар текширув, 11 таси ходимларнинг хатти-ҳаракатлари, 24 таси эса ички ишлар органлари фаолиятининг бошқа йўналишларига оид бўлган.
Қабулнинг айримлари онлайн шаклда ҳам ташкил этилиб, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги фуқаролар мурожаатлари масофадан қабул қилинди.

“Бизга ҳар доим мурожаат қилинса, жавобимиз «лаббай” бўлади. Бироқ, ҳатто департамент раҳбари сифатида терговчи томонидан қабул қилинаётган қарорга аралашишга мени ҳам ҳаққим йўқ. ЖКнинг 236-моддасида фақат назорат қила олишим мумкинлиги кўрсатилган, аралашиш эмас. Шуни билиш керакки, жавобгарлик муқаррарлиги доим таъминланади», дейди Ашрапов.

Мурожаатларнинг 32 таси (25 фоизи) шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилган, 34 таси (26 фоизи) бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган. Қўшимча ўрганиш талаб этилган 62 та мурожаат (49 фоиз) ижрога йўналтирилиб, назоратга олинган.

Вазирлик маълум қилишича, аҳоли билан очиқ ва бевосита мулоқотга қаратилган шахсий ҳамда сайёр қабуллар тизимли равишда давом эттирилади.




