Ўзбекистон

Гурланда суд раҳбарлари аҳоли мурожаатларини ўрганди

Administrator16-май, 2026, 22:2782 кўришлар
Гурланда суд раҳбарлари аҳоли мурожаатларини ўрганди

Хоразм вилоятининг Гурлан туманида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабул ташкил этилиб, фуқароларнинг мурожаатлари жойида кўриб чиқилди.

Хоразм вилояти суди ва вилоят маъмурий суди раҳбарияти томонидан фуқароларнинг суд-ҳуқуқ тизимига оид мурожаатларини “маҳаллабай” ўрганиш мақсадида Гурлан туманида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.

Қабул давомида вилоят суди раиси ўринбосари, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Турсунали Мирзаев ҳамда вилоят маъмурий суди судяси С.Аллаберганов фуқароларни қабул қилиб, мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берди.

Мурожаатларнинг асосий қисмини оилавий низолар, жазони енгиллаштириш ҳамда суд қарорлари ижроси билан боғлиқ масалалар ташкил этди.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ҳам ўтказилиб, айрим маҳкумлар жазонинг ўталмаган қисмидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Қабул давомида фуқароларга судга даъво ариза киритиш тартиби ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида суд тизимида амалга оширилаётган рақамлаштириш ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бундай сайёр қабуллардан кўзланган асосий мақсад — аҳолини ортиқча овора қилмасдан, уларнинг яшаш ҳудудига бориб мурожаатларни жойида ўрганиш ва муаммолар ечимига кўмаклашишдан иборат.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Гурланда суд раҳбарлари аҳоли мурожаатларини ўрганди | Effect.uz