Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази ташаббуси билан ташкил этилган Биринчи Халқаро ислом сивилизацияси форуми халқаро жамоатчилик эътибор марказида бўлиб турибди. Хусусан, Эуронеwс нашри форумни ислом сивилизациясининг интеллектуал меросини асраш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда маданий мулоқотни ривожлантиришга қаратилган муҳим глобал ташаббус сифатида эътироф этди.
Беш кун давом этадиган форум Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилмоқда. Унда 50 дан ортиқ давлатдан 450 нафардан зиёд олимлар, дин арбоблари, дипломатлар ва тадқиқотчилар иштирок этмоқда. Форум доирасида илм-фан, таълим, маданий алмашинув, қўлёзмаларни муҳофаза қилиш, рақамлаштириш ҳамда халқаро академик ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган кенг қамровли муҳокамалар ташкил этилган.
Мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатига ҳам алоҳида ўрин берилган. Унда бугунги кунда илм-фан, таълим ва маданият тинчлик, ўзаро ишонч ва барқарор тараққиётнинг асосий пойдевори экани таъкидланган.
Эуронеwс нашри форумнинг асосий ғояси исломни экстремизм ёки зўравонлик билан боғловчи нотўғри қарашларга қарши илм ва маърифат орқали жавоб бериш эканини қайд этади. Шу муносабат билан Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборовнинг «Исломни зўравонлик ёки экстремизм билан боғлаш унинг ҳақиқий моҳиятига мутлақо зиддир», деган фикри келтирилган.
Нашрда Марказий Осиё алломаларининг жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссасига ҳам кенг тўхталиб ўтилган. Хусусан, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва Абу Райҳон Беруний каби буюк олимларнинг мероси бугунги замонавий илм-фан, жумладан, сунъий интеллект ва астрономия соҳаларининг тараққиёти билан узвий боғлиқ экани таъкидланган.
Форум иштирокчилари қўлёзмаларни рақамлаштириш, илмий меросни сақлаш, университетлар ва тадқиқот марказлари ўртасида академик алмашинувларни кенгайтириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашмоқдалар. Форум доирасида 70 дан ортиқ халқаро ташаббусга старт берилгани ҳам халқаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бериши қайд этилмоқда.
Эуронеwс таҳлилига кўра, Биринчи Халқаро ислом сивилизацияси форуми нафақат ислом сивилизациясининг бой интеллектуал меросини тарғиб қилиш, балки халқлар ўртасида мулоқот, ўзаро англашув ва илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим халқаро платформа сифатида намоён бўлмоқда.




