Ўзбекистон

Энди зўравонликдан жабр кўрган болалар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлади

Administrator14-октябр, 2026, 21:0331 кўришлар
Энди зўравонликдан жабр кўрган болалар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлади

Тегишли ўзгартиришлар президент имзолаган янги қонунда белгиланди.

Ўзбекистонда зўравонликдан жабрланган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади. Бу президент томонидан имзоланган болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга оид қонунда назарда тутилган.

Ҳужжат билан “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритилди. Унга кўра, зўравонликдан жабрланган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болалар тегишли процессуал ҳаракатларга жалб этилган вақтдан эътиборан давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиришларга асосан, жинсий зўравонликка оид жиноят ишлари бўйича вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирокини таъминлаш чоралари кўрилади.

Вояга етмаган шахсга нисбатан унинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси, ҳомийси ёки бошқа қариндошлари томонидан жиноят содир этилган ҳолларда тергов ва суд жараёнидаги барча процессуал ҳаракатларда васийлик ва ҳомийлик органи вакили иштирок этиши ҳам белгиланди.

Бундан ташқари, қонун билан болага нисбатан зўравонлик содир этгани учун жавобгарликка тортилган таълим ташкилоти ходими билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асоси киритилди. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Энди зўравонликдан жабр кўрган болалар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлади | Effect.uz