Ўзбекистон

«CИТЙ ТОWЕР»: 1700 нафар фуқаронинг мурожаатидан Тошкент шаҳар биносида зиддият содир бўлди

Administrator12-октябр, 2026, 23:1443 кўришлар

Аввалроқ, ЭФФЕCТ.УЗ Тошкентдаги «CИТЙ ТОWЕР» қурилиш лойиҳаси ва «ИҚБОЛ ЗАМИН СЕВРИС» МЧЖ билан боғлиқ муаммолар юзасидан 1700 нафар фуқаронинг мурожаатлари асосида журналистик суриштирув эълон қилган эди.

Шундан сўнг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Баҳодир Ғоибназаров фуқаролар билан учрашди. Учрашувда аҳоли мурожаатларида кўтарилган муаммолар тегишли ишчи гуруҳ иштирокида ўрганилган.

Ўрганиш давомида «ИҚБОЛ ЗАМИН СЕВРИС» МЧЖ таъсисчиси Ш. Қурбоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, мазкур иш Бош прокуратура назоратига олингани ҳамда унга нисбатан халқаро қидирув эълон қилингани ҳақида маълумот берилган.

Фуқаролар судга нима сабабдан борди?

Маълум қилинишича, Ш. Қурбоновнинг турмуш ўртоғи Қурбонова ишончнома асосида МЧЖ фаолиятини бошқарган. Кейинчалик унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Қурбонованинг адвокатлари мазкур қарор устидан апелляция шикояти берган.

Шундан сўнг «CИТЙ ТОWЕР» лойиҳасидан жабрланганини билдирган фуқаролар апелляция иши кўриб чиқилаётган Тошкент шаҳар судига борган.

Фуқароларнинг айтишича, уларга суд мажлиси ёпиқ экани ва унда фақат иш тарафлари иштирок этиши мумкинлиги тушунтирилган.

Бироқ фуқаролар ўзларининг ҳам мазкур ҳолатдан моддий ва маънавий зарар кўрганини, айрим хонадонлар банкка гаровга қўйилганини билдириб, судя билан учрашиб, ўзларини қизиқтираётган масалалар юзасидан мурожаат қилиш имкониятини сўрашган.

«Берилган ваъдалар бажарилмади. Судя биз билан учрашиши керак эди, лекин бундай бўлмади. Нима бўлишидан қатъий назар, Қурбоновага нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилишига кескин қаршимиз», — дейди фуқаролар.

Шундан сўнг Тошкент шаҳар суди биносида фуқаролар ва суд ходимлари ўртасида тушунмовчилик юзага келган. Вазият кескинлашиб, норозилик келиб чиқиши мумкин бўлган ҳолат кузатилган.

Суд қандай қарор қабул қилди?

Тошкент шаҳар суди апелляция шикоятини қаноатлантирмади. Натижада Яшнобод тумани жиноят ишлари бўйича судининг Қурбоновага нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги қарори ўзгаришсиз қолдирилди. Бироқ масаланинг яна бир муҳим жиҳати очиқ қолмоқда: 1700 нафар фуқаронинг уй-жойи, молиявий манфаатлари ва ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар қандай ҳал этилади?

Фуқароларнинг асосий талаби ҳам шу — уларнинг маблағлари ва хонадонлари тақдирига аниқ ҳуқуқий баҳо берилиши ҳамда муаммонинг амалдаги ечими таъминланиши.

Тошкент шаҳар суди ҳолатга янада аниқлик киритди

Тошкент шаҳар суди «CИТЙ ТОWЕР» иши бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдириб, жиноят иши судда мазмунан кўрилмаганини маълум қилди.

Судга кўра, Тошкент шаҳар судида фақат «ИҚБОЛ ЗАМИН СЕВРИС» МЧЖ иши доирасида шахсга нисбатан қўлланилган қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси устидан берилган апелляция шикояти кўриб чиқилган.

Шунингдек, процессуал мажбурлов чораларига оид масалалар қонунга мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши, судянинг процессуал тартибда назарда тутилмаган ҳолда манфаатдор шахслар билан мулоқот қилиши мумкин эмаслиги таъкидланган. Апелляция шикояти якунида эса эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилган.

ЭФФЕCТ.УЗ ушбу иш бўйича жараёнларни кузатишда давом этади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

«CИТЙ ТОWЕР»: 1700 нафар фуқаронинг мурожаатидан Тошкент шаҳар биносида зиддият содир бўлди | Effect.uz