Бухоро шаҳрида синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш учун нарколаборатория ташкил қилганликда гумон қилинаётган икки фуқаро ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Ўтказилган тезкор тадбирда Жондор туманида яшовчи 27 ва 29 ёшли икки фуқаро аниқланган. Улар интернет наркодўконида “омборчи” ва “кимёгар” сифатида фаолият юритиб, Бухоро шаҳридаги кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонда нарколаборатория ташкил қилганликда гумон қилинмоқда.
Холислар иштирокидаги кўздан кечириш давомида хонадондан 6 кг 650 грамм “спайс” синтетик наркотик моддаси, СИМ-карталар, респираторлар, қўлқоплар, зип-пакетлар, электрон тарози ва кўп миқдордаги тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Тезкор тадбир давомида Когон туманидаги хуфиёна жойларга кичик бўлакларда яшириб қўйилгани айтилаётган яна 4 кг 200 грамм “спайс” моддаси ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси ҳамда 276¹-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.




