Ўзбекистон

Бухородаги “ГОЛД СТРОЙ ЛУХ” иши: Қарийб 12 млрдлик зарар, ўнлаб жабрланувчилар ва давом этаётган суд

Administrator16-август, 2026, 15:25227 кўришлар

Бухородаги “ГОЛД СТРОЙ ЛУХ” МЧЖ раҳбари Улуғбек Мавлоновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича суд жараёни давом этмоқда. Мазкур иш бўйича жабрланувчи деб эътироф этилган бир гуруҳ фуқаролар Эффеcт.узʻга мурожаат йўллаган.

Таҳририят ходимлари 14-август куни Бухоро шаҳар судида судя Жалол Авезов раислигида ўтказилган навбатдаги суд мажлисида иштирок этди. Эътиборлиси, суд жараёни бошланишидан аввал Эффеcт.уз журналистлари очиқ суд мажлисига киришда тўсқинликка учради. Бу йўналишда журналистларга ҳатто Ички ишлар ходимлари ҳам қаршилик кўрсатган.

Дастлаб, суд ёрдамчиси ОАВ ходимлари ва жабрланувчиларни ичкарига киритишга судя рухсат бермаётганини таъкидлади. Суд залига кирилгач, судя бу ҳолатни инкор ҳам этмади. Суд соат 14:00 га белгиланган бўлса-да, 2,5 соатдан кейин бошланди, журналист ва фуқаролар процессга киритилди. Эффеcт.уз мазкур ҳолатга Судялар олий кенгаши ва Олий суд алоҳида эътибор қаратишини сўрайди. Судя видео ёзиб олиш тўғрисидаги илтимосномани рад этиб, фақат аудио ёзиб олишга рухсат берган.

АЙБЛОВ ХУЛОСАСИДАГИ ЗАРАР: 12 МЛРДГА ЯҚИН?

Иш материалларидаги 127 бетлик айблов хулосасига кўра, жиноят иши фуқароларнинг аризалари ва улар асосида тўпланган ҳужжатлар асосида қўзғатилган.

Тергов версиясида Улуғбек Мавлонов “ГОЛД СТРОЙ ЛУХ” МЧЖ раҳбари сифатида фуқаролар билан хонадон ва савдо обектлари бўйича шартномалар тузиб, маблағларни олгани, айрим ҳолатларда эса ваъда қилинган обектларни харидорларга топширмасдан, бошқа шахсларга сотгани баён этилган. Айблов хулосасига кўра, Мавлонов Улуғбек Барноевичга ЖКнинг 168, 228, 192 прим ¹¹ ва 189-моддалари бўйича айбловлар қўйилган.

Айблов хулосасида келтирилган эпизодлар орасида юзлаб миллион сўмлик зарар билан боғлиқ ҳолатлар кўп. Масалан, бир фуқаро билан боғлиқ эпизодда унга 1 млрд 490 млн 500 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилгани қайд этилган. Унга савдо дўкони ва хонадон бўйича шартнома расмийлаштирилган, 290,5 млн сўм нақд пул олинган, шунингдек, 200 млн сўмлик қурилиш материалларига харажат қилдирилган. Ваъда қилинган обектлар эса кейин бошқа шахсга сотилган.

Носиров Собир билан боғлиқ эпизодда жами 681 млн сўм маблағ олинган. Унга 200 млн сўм қайтарилган бўлса-да, ваъда қилинган обектлар топширилмагани сабабли 481 млн сўм зарар етказилгани қайд этилган.

Мирзаева Саодат билан боғлиқ эпизодда 90 квадрат метр ертўласи билан бирга савдо дўкони учун 495 млн сўм олинган. Обект Мирзаевага берилмасдан, бошқа шахсга сотилгани ва натижада 495 млн сўм зарар етказилгани кўрсатилган.

Шунингдек, Собирова Севара билан боғлиқ эпизодда 85 квадрат метрлик савдо дўкони учун 350 млн сўмлик шартнома расмийлаштирилгани, 284 млн сўм маблағ олингани ва обект кейин бошқа шахсга сотилгани қайд этилган.

Муродова Меҳринисо билан боғлиқ эпизодда эса 30 квадрат метрлик савдо дўкони учун 125 млн сўм олингани кўрсатилган. У ҳам жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар сифатида эътироф этилган. Бироқ иш фақат ушбу эпизодлар билан чекланмайди.

Айблов хулосасига кўра, Мавлонов томонидан жабрланувчиларга жами 11 млрд 725 млн 162 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Шундан 2 млрд сўми “Ўзмиллийбанк” АЖ Бухоро вилоят Бош бошқармасига етказилган зарар ҳисобидан қопланган.

Эътиборлиси, жабрланувчиларнинг кўп қисми пул эмас, балки шартнома бўйича уй ва дўконларни беришни талаб қилмоқда. Иш ҳозир судда кўриб чиқилмоқда. Жабрланувчиларнинг мулкий талаблари ҳам суд жараёнида кўриб чиқилиб, етказилган зарарни ундириш ёки шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш масаласига суд томонидан ҳуқуқий баҳо берилади.

Эффеcт.уз мазкур иш бўйича суд жараёнларини кузатиб, воқеалар ривожини ёритиб боради. Навбатдаги суд мажлиси 21-августга тайинланган.

Беҳзодбек Раҳмонов тайёрлади

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Бухородаги “ГОЛД СТРОЙ ЛУХ” иши: Қарийб 12 млрдлик зарар, ўнлаб жабрланувчилар ва давом этаётган суд | Effect.uz