Мўйноқ туманида меҳнат қилаётган “Ўзбекнефтегаз” ходимлари учун замонавий ётоқхона, ошхона, маъмурий бино ва спорт майдонидан иборат янги мажмуа фойдаланишга топширилди.
9-сентябр куни Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси обектларининг асосий қисми жойлашган Мўйноқ туманидаги “Учсой” шаҳарчасида ходимлар учун барпо этилган янги ижтимоий мажмуанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мажмуа 144 ўринли ётоқхона, 80 ўринли замонавий ошхона, маъмурий бино ҳамда спорт-соғломлаштириш майдонини ўз ичига олган. У чекка ҳудудларда меҳнат қилаётган мутахассислар учун муносиб яшаш ва дам олиш шароитларини яратишга қаратилган.
Тадбирда “Ўзбекнефтегаз” АЖ Бошқарув раиси Абдуғани Сангинов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов, Мўйноқ тумани ҳокими Бахтияр Меңлибеков, нуронийлар ва соҳа вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида “Уч авлод” стелласи ҳам очилди.

— Биз бугун шунчаки янги бино ёки стелла очмаяпмиз, балки инсон меҳнатига бўлган юксак ҳурмат ва авлодлар давомийлигига муҳр қўяяпмиз. Пойдеворсиз бино бўлмаганидек, устозсиз касб, ўтмишсиз эса келажак бўлмайди. Тизимда ким қаерда ва қандай оғир шароитда ишлашидан қатъи назар, ҳар бир ходимимиз учун муносиб шароит яратиш борасидаги ишларимиз изчил давом этади. Устозлар қадрланган жойда инсон қадри юксалади, меҳнатга ҳурмат ва келажакка ишонч мустаҳкамланади, — деди тадбирни кириш сўзи билан очиб берган “Ўзбекнефтегаз” АЖ Бошқарув раиси.
Маросимда кўп йиллар давомида соҳа ривожига ҳисса қўшган фахрийлар, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси ходимлари ҳамда Россияда ўтказилган “ПРОФНЕФТ” халқаро касб маҳорати танловида 1-ўринни эгаллаган “Устюрт геофизика экспедицияси” филиали Устюрт кон-геофизика партияси ходимларига қимматбаҳо эсдалик совғалари ва Бошқарув раисининг фахрий ёрлиқлари топширилди.

Меҳмонлар мажмуада яратилган шароитлар билан танишди. Янги ошхонада ташкил этилган дастурхон атрофидаги байрам тадбири Мўйноқ тумани миллий фолклор “Айдин” ашиқлар ансамблининг консерт дастури билан давом этди.
Қайд этилишича, умумий майдони 110 минг квадрат километр бўлган Устюрт минтақасининг 98 фоизи нефт ва газга бой истиқболли ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда геология-қидирув ишлари 1960-йилларда бошланган. Мустақиллик йилларида 25 та газконденсат кони кашф этилган ва 1997-йилда конларни тизимли бошқариш мақсадида Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси ташкил этилган.

Айни пайтда бошқармада 939 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Корхона томонидан 13 та газ ва газконденсат кони ҳамда 299 та қудуқдан самарали фойдаланилмоқда.




