Тошкент шаҳрида ўтказилган Биринчи Халқаро Ислом сивилизацияси форуми доирасида Ислом сивилизацияси меросини асраб-авайлаш, илмий жиҳатдан ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган ўнта йирик глобал ташаббус тақдим этилди. Мазкур ташаббуслар Ислом сивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти ва маънавий тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини янада чуқурроқ ёритиш, шунингдек, бебаҳо меросни келажак авлодларга етказишни кўзда тутади.

Биринчи ташаббус сифатида Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази негизида Бутунжаҳон Ислом сивилизацияси форумини ташкил этиш таклиф қилинди. Ушбу платформа халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар, музейлар, кутубхоналар, архивлар, қўлёзмалар марказлари ва тадқиқот институтларини бирлаштириб, узоқ муддатли илмий, маданий ва таълимий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Иккинчи ташаббус Ислом сивилизацияси меросининг Бутунжаҳон рақамли реестрини яратишни назарда тутади. Ягона халқаро электрон тизимда қўлёзмалар, архив ҳужжатлари, музей коллексиялари, меъморий ёдгорликлар, номоддий маданий мерос намуналари ҳамда илмий тадқиқотлар натижалари жамланади.
Учинчи ташаббус – "Ислом сивилизацияси мероси – бутун инсоният мероси" халқаро дастурини амалга оширишдир. Дастур доирасида халқаро кўргазмалар, илмий конференсиялар, таълим лойиҳалари, нашриёт ташаббуслари ва маданий тадбирларни мунтазам ташкил этиш режалаштирилган.
Форум иштирокчилари Ислом сивилизацияси меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш, шунингдек, фан, таълим, маданиятлараро мулоқот ва гуманитар ҳамкорлик ривожига улкан ҳисса қўшган шахс ҳамда ташкилотларни эътироф этиш мақсадида Ислом сивилизацияси бўйича халқаро мукофотни таъсис этишни ҳам таклиф қилдилар.
Бешинчи ташаббус Ислом сивилизациясини ўрганиш бўйича халқаро жамғарма ташкил этишга қаратилган. Мазкур жамғарма фундаментал илмий изланишларни, тарихий обидаларни реставрация қилишни, ёш олимларни қўллаб-қувватлашни, нашриёт фаолиятини ва халқаро академик ҳамкорликни ривожлантиришни молиялаштириши кўзда тутилган.
Шунингдек, форумда Ислом сивилизациясининг Глобал рақамли кутубхонасини яратиш ташаббуси илгари сурилди. Кўп тилли ушбу платформа қўлёзмалар, илмий асарлар, архив ҳужжатлари, музей коллексиялари, таълим ресурслари ва виртуал кўргазмаларни ягона электрон маконда бирлаштиради.
Яна бир муҳим ташаббус сифатида кўп жилдли Халқаро Ислом сивилизацияси энсиклопедиясини тайёрлаш таклиф этилди. Унда Ислом сивилизацияси тарихи, буюк алломалар фаолияти, илмий мактаблар, маданий ёдгорликлар ва ислом оламининг энг муҳим ютуқлари кенг ёритилиши режалаштирилмоқда.
Форум иштирокчилари Ислом сивилизацияси меросининг бугунги ҳолатини баҳоловчи йиллик халқаро таҳлилий ҳисоботни тайёрлаш ташаббусини ҳам илгари сурдилар. Мазкур ҳисоботда маданий мерос обектларининг ҳолати, илмий тадқиқотлар натижалари, мавжуд муаммолар ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари таҳлил қилинади.
Тўққизинчи ташаббус – Ислом сивилизацияси бўйича Халқаро ёшлар форумини ташкил этишдир. Ушбу майдон ёш олимлар, тадқиқотчилар, талабалар ва маданий мерос соҳаси мутахассислари ўртасидаги илмий мулоқотни ривожлантириб, янги авлод экспертларини тайёрлашга хизмат қилади.
Ўнинчи ташаббус сифатида Ислом маданияти, санъати ва сивилизацияси музейлари халқаро иттифоқини тузиш таклиф этилди.
Иттифоқ дунёнинг етакчи музейлари ва ихтисослашган муассасалари ўртасида қўшма кўргазмалар, илмий тадқиқотлар, реставрация, таълим ва рақамли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, коллексиялар ва мутахассислар алмашинувини ривожлантиришни мақсад қилган.
Форум якунида доимий фаолият юритувчи мувофиқлаштирувчи орган – Халқаро форум кенгаши ташкил этилди. Кенгаш иштирокчилар томонидан билдирилган таклифларни умумлаштириб, 2030-йилгача мўлжалланган халқаро ҳамкорлик бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифасини ўз зиммасига олди.
Мазкур йўл харитаси форум декларациясида белгиланган ташаббусларни амалиётга татбиқ этишнинг асосий механизми бўлиб хизмат қилиши, халқаро ташкилотлар ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига тақдим этилиши режалаштирилган.
Форум иштирокчилари давлатлар, халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар, олий таълим муассасалари, музейлар, кутубхоналар ва жамоат ташкилотларини ушбу ташаббусларни биргаликда амалга оширишга чақирдилар. Таъкидланганидек, мазкур ташаббуслар тинчлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш, таълим ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, шунингдек, Ислом сивилизациясининг бой меросини жаҳон маданий меросининг ажралмас қисми сифатида асраш ва кенг тарғиб этишга хизмат қилади.







