Тошкентда 170 минг мурожаат. Уларнинг ярмидан кўпи ҳал қилинмаган. Бу рақамлар оддий статистика эмас — бу пойтахтда аҳоли билан мулоқот тизими жиддий муаммога учраганидан дарак беради. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди.
Кабинетидан ҳеч чиқмайдиган, на халққа, на ОАВга, на депутатларга кўриниш берадиган бир валломат ҳоким бўлса — юқоридаги эътирозлардан бошқача нарса бўлиши амримаҳол эди.
Бугунги видеоселектор йиғилишида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими таҳлил қилинди. Маълум қилинишича, мамлакат бўйича ҳар 10 минг аҳолига ўртача 319 та ариза ва шикоят тўғри келади.
Тошкент шаҳрида эса бу кўрсаткич энг юқори — 535 тани ташкил этмоқда.
Энг ташвишлиси — пойтахтда келиб тушган 170 минг мурожаатнинг ярмидан кўпи ечимини топмагани. Шу билан бирга, такрорий мурожаатлар сони ҳам ортиб бормоқда.
Бундай вазият тасодиф эмас. Агар шаҳар бошқарувида аҳоли билан мулоқот етарлича йўлга қўйилмаса, муаммолар табиий равишда йиғилиб бораверади. Одамлар ўз дардини айта олмайдиган тизимда мурожаатлар сони камайиши қийин.
Шаҳар раҳбариятининг жамоатчилик, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари билан очиқ мулоқоти ҳамиша муҳим бўлиб келган. Чунки катта шаҳарни фақат қарорлар билан эмас, одамларнинг фикрини эшитиш орқали самарали бошқариш мумкин.
Тадбиркорлар билан боғлиқ можаролар, айрим обектларни бузиш ёки фаолиятни чеклаш каби қарорлар ҳам жамоатчиликда саволлар уйғотаётгани сир эмас. Бундай ҳолатларда очиқ мулоқот ва тушунтириш бўлмаса, норозилик янада кучайиши мумкин.
Шаҳар — бинолар ёки йўллар эмас. Шаҳар — одамлар.
Шунинг учун ҳам Тошкентдек азим шаҳарни бошқаришда “мен ҳаммасини биламан”, “мен доим ҳақман” деган тамойил эмас, балки жамоатчилик билан маслаҳат ва мулоқот устувор бўлиши керак. Бошқа йўл ҳам йўқ. Акс ҳолда мурожаатлар сони камаймайди, унда пойтахт шикоятлар шаҳрига айланиб бораверади.




